Нуробод ва Самарқанд туманида ер сотаётган фирибгарлар ушланди
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ноқонуний ер сотиш ҳолатларига чек қўйишга қаратилган чора-тадбирларга қарамай, айрим мансабдор шахслар ҳамда фуқаролар қонунга хилоф эканлигини билиб туриб ноқонуний равишда ер сотиш билан шуғулланиб келиши ҳамон учрамоқда.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан Нуробод ва Самарқанд туманларида олиб борган тадбир натижалари мисол бўлади.
Жумладан, Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси мутахассиси, Самарқанд шаҳрида яшовчи, Б.М. ҳамкасблари - Ж.Ш., Ф.М. ва Б.У. билан ўзаро жиноий тил бириктириб, Нуробод тумани, “Сазағон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Quality Dairy Farm” МЧЖга қарашли 78 гектар лалми ер майдонини маҳаллий фуқарога 135 минг АҚШ долларига сотиб олишни таклиф қилган.
Улар ер майдонини “қўли узун” танишлари орқали унинг номига ўтказиб беришига ишонтириб ундан 35 минг АҚШ долларини “аванс” сифатида олган вақтида ушланган.
Бу каби ҳолат Самарқанд туманида ҳам кузатилган. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат инспекцияси Самарқанд тумани бўлими катта инспектори Д.Р. ўзига тегишли фермер хўжалигининг 20 гектар ер майдонини харидорга 50 минг АҚШ доллари эвазига расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, ундан 25 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланган.
Юқоридаги ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.