Жорий йилнинг 6 ойида 158,4 минг ишсиз фуқаро доимий иш жойларига эга бўлган
Бу йилдан барча меҳнат органларида жисмоний ва юридик шахсларга “Ягона ойна” тамойили асосида хизматлар кўрсатиш тизими жорий қилинди. Бунинг натижасида 2020 йил 6 ойида меҳнат органлари томонидан 483 минг фуқарога бандлик соҳасидаги хизматлар кўрсатилди. Хусусан:
- 158,4 минг ишсиз фуқаро доимий иш жойларига ишга жойлаштирилди;
- 15,5 минг фуқаро меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитилди;
- 26,2 минг нафар ишсиз фуқарога ишсизлик нафақаси тайинланиб, ижтимоий муҳофазага олинди;
- 59,1 мингга яқин фуқарога меҳнат-бандлик масалалари бўйича ҳуқуқий маслаҳат хизматлари кўрсатилди;
- маҳаллий ҳокимликлар қарорлари асосида 2020 йилда 111 мингдан ортиқ иш ўринлари банд қилиб қўйилган бўлса, ушбу иш ўринларига 21,1 минг нафар ижтимоий муҳофазага муҳтож фуқаролар ишга жойлаштирилди;
- 330 мингдан ортиқ фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди ҳамда уларнинг иш ҳақи тўлови учун Жамоат ишлари жамғармасидан 253 миллиард сўмдан ортиқ маблағ молиялаштириб берилди.
Бу ҳақда АОКА ҳузуридаги штабда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги давлат меҳнат инспекцияси Бош давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори Гулруҳ Ниёзметова иштирокида ўтказилган брифинг айтилди.
☎️ Меҳнат ҳуқуқи бузилган фуқаролар вазирликнинг 71-200-06-00 ва қисқа рақамли 1176 ишонч телефонлар, электрон шаклда мурожаат қилиши учун ижтимоий тармоқдаги dmi.mehnat.uz сайти, @mehnathuquqbot телеграм мессенжерига мурожаат этишлари мумкин.