ЖССТ давлатларни COVID-19 сабаб карантин чекловларини ортиқ жорий этмасликка чақирди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ), аъзо давлатларни коронавирус инфекцияси сабаб карантин чекловларини ортиқ жорий этмасликка чақирди.

Ташкилотнинг Бош эпидемиологи Мария Ван Керкхове, тиббий ниқоб тақиш ва ижтимоий масофани сақлаш COVID-19 тарқалишини олдини олиш учун етарли бўлишини, карантин оқибатида юзага келаётган иқтисодий муаммолар тиббиётдаги ютуқлардан ўтиб кетаётганини таъкидлади.

Бундан ташқари, ЖССТ мутахассислари мактаблар ёпилишини “авлод фожиаси” деб атади, сабаби бундай чеклов ҳеч қандай ижобий натижа бермайди. Уларнинг сўзларига кўра, чекловлар сабабли шифокорлар инсульт, саратон ва инфаркт каби оғир ҳасталикларга етарлича эътибор бера олмаган. Шу сабабли карантин айрим касалликларни хавфли тус олишига олиб келган.

1 август куни ЖССТнинг фавқулотда қўмитаси, коронавирус пандемияси халқаро аҳамиятга эга фавқулотда ҳолат бўлиб қолаётганини тасдиқлади. Ташкилот тақдим этган маълумотга кўра, коронавирус пандемияси ҳали узоқ давом этади.