ЖССТ: Коронавирус пандемияси - “битта катта тўлқин”
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Шимолий ярим шарда кўзатилаётган коронавирус хуружларига изоҳ берди. Ташкилотнинг етакчи мутахассиси Маргарет Харрис пандемияни “битта катта тўлқин”, деб атади ва у мавсумий хасталик эмаслигини таъкидлади. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар берди.
Харрис коронавирус гриппдан фарқли ўлароқ, мавсумга қараб ўзгариш хусусиятига эга эмаслигини маълум қилди.
“Одамлар ҳали ҳам йил мавсумлари ҳақида бош қотирмоқда. Биз бу янги вирус эканлигини ва у ўзини бошқача тутаётганини тушунишимиз керак”, деди Маргарет Харрис Женевада ўтказилган виртуал брифингда.
- Бу битта катта тўлқин. У гоҳ кўтарилиб, гоҳида бироз пасаяди. Яхшиси, уни оёқларимиз остида жилваланаётган кўлмакка айлантиришимиз зарур, - қўшимча қилди у.
Бироз аввал ЖССТ коронавирус пандемияси даврида чегараларни ёпиш фойдасиз эканини тан олган эди. Бу ҳақда ташкилотнинг Соғлиқни сақлаш масалалари бўйича фавқулодда вазиятлар дастури директори Майкл Райан ўз чиқишларининг бирида сўзлаган эди.