ЖССТ: Сут эмизувчи жонзотлар коронавирусга таъсирчан. Бу эса одамлар учун хавфли
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) сут эмизувчиларнинг коронавирусга таъсирчанлигини тасдиқлаб, уларни одамлар учун хавфли эканлигини маълум қилди. Бу ҳақда ЖССТ расмий вакили Кетрин Смолвуд Facebook‘даги трансляцияда Даниядаги ушбу ҳолатларга изоҳ берди.
Унинг сўзларига кўра, қоракузан (норка)лар инфекция ташувчиси бўлишга қодир. Шу сабабли, қоракузаннинг популяцияси вирусни одамга юқишига ўз ҳиссасини қўшиш хавфи мавжуд, дея огоҳлантирди ташкилот вакили.
“Айни пайтда Дания ҳукумати тезкор ҳаракатлар бошлади. Даниядаги қоракузанларнинг катта қисмини йўқ қила бошлашди. Ушбу қарор албатта, кўплаб данияликларнинг эътирозига сабаб бўлди. Чунки ушбу иқтисодиётнинг катта сектори учун зарба”, дея қўшимча қилди Смолвуд.
5 ноябрь куни Данияда мутацияланган коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун мўйна фермер хўжаликларидаги барча қоракузанларни йўқ қилишга қарор қилинди. Ушбу ҳайвонлар одамларга юқадиган ва антителалар ҳосил қилиш қобилиятини заифлаштирадиган инфекцияга эга эканлиги аниқланди. Ҳозирда ушбу вирусга чалинган 12 киши рўйхатдан ўтган. Мамлакат ҳукумати коронавируснинг янги мутацияси нафақат бутун мамлакат, балки дунёга тарқалиши мумкинлигидан хавотирда.
Даниядаги Шимолий Ютландияда коронавирус 1139 та қоракузан фирмасига тарқалди. Мамлакатда коронавирус инфекциясининг умумий сони 50 мингдан ошди.
Илгари олимлар SARS-CoV-2 коронавирусини юқтириш ва унинг ташувчиси бўлиши мумкин бўлган ҳайвонларни эълон қилишганди. Яширин ҳолда касалланиш эҳтимоли бор сут эмизувчилар - мушук, ит, шер, йўлбарс ва сассиқкузан ва макакалардир.