Журналист мулоҳазалари: Умрнинг ҳар они синовдир

Биз ўтаётган умримизни гоҳ йўлга, гоҳ бепоён далаларга, гоҳ дарёларга ўхшатамиз. Унинг кимгадир югурик ва аксинча, кимгадир оҳиста қадам босгандек туюлиши табиий.

Ёзувчи Ўткир Ҳошимов "икки эшик ораси" иборасини ишлатганда туғилганимиздан то сўнгги нафасимизгача бўлган муддатда ўтган ҳаётимизда хаёлимизга келадиган ана шу хулосаларни ҳам назарда тутган. Лекин 70 ёшга тўлиб, бир нарсага амин бўлдимки, икки эшик ўртаси биз билган ва билмаган синовлардан иборат экан. Айниқса, шу ёшда ҳаёт йўлингга бир қараб олсанг, бундай мулоҳазалар шуурингда янада теранроқ, ёрқинроқ кўзга ташланади.

Тақдирнинг синови деганда биз албатта йўлимизда учрайдиган мушкулотлар, қийинчиликлар ёки дард-у изтиробларни тушунамиз. Ваҳоланки, синов ҳар лаҳзада олдимиздан чиқиб турибди. Мисол учун, мактабда яхши ўқиш ҳам, касбни тўғри танлаш ҳам, ҳатто яхши қўшнига эга бўлиш, дўстга ҳам синов. Негаки сиз ана мақсадга эришиш учун машаққат чекасиз, ўйлайсиз, хулоса қиласиз.

Бинобарин, маърифатли оилада яшаш ҳам Яратганнинг синовидан яхши ўтганларга насиб этади. Жумладан, камина гарчи хўжаликда кичик вазифаларда ишлаган бўлсам-да, маърифатли Шарифбой аканинг фарзанди бўлишдек бахтга эришганман. Ўн икки нафар фарзандни дунёга келтириб, камолга етказган Мукаррам Бобомуродованинг ўғлиман. Айнан ана шу табаррук инсонлар мени ҳам ўн бир фарзандидан кам кўрмасдан, меҳрини бахшида этган. Билимга иштиёқ уйғотган. Шу боис ўрта мактабни олтин медалга битирдим. 1970 йилда ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетига ҳамқишлоқ дўстим Абдусами Самадов билан бир "ҳамла"да ўқишга кирганмиз.

Талабалик гарчи кўп қатори кечган бўлса-да, унинг зачёт, имтиҳон, давлат имтиҳонидан ташқари ҳам синовлари бисёр эди. Беш йил ичида нафақат аудиторияда, балки қурилиш объектлари, пахта далаларида характеримиз шаклланди, аниқроғи, намоён бўлди. Бундай сабоқлардан ўтиш учун билимнинг ўзи етарли эмас экан. Кўпчилик билан муомала қилишни ўрганиш, керакли гапни керакли жойда айта билиш, меҳрли, саховатли бўлиш фақат ҳаёт синовидан ўтганларгагина насиб этди. Кўзга ташланмайдиган бу синовлар пировардида айрим тенгдошларимизнинг пешонасини ярақлатган бўлса, айримларининг ҳаётини издан чиқарди.

Шукр, ўқишни битириб, тўғри қишлоғимга келдим. Эҳ-ҳе, журналист деган дипломни олгандан кейин хаёлларинг қанот бўлиб қолар экан. Кўпчилик Тошкентдаги манаман деган нашрларни кўзлашди. Камина эса отам билан маслаҳатлашиб, тўғри "Ургут садоси" газетаси таҳририятига бордим. Эҳтимол, умримнинг бугунги таскинлари, ота-онамнинг бизлардан миннатдор кетганликлари ана шу синов чоғида қабул қилган тўғри қарорим мевасидир. Қолаверса, 45 йил ана шу газетада ишладим ва нафақага чиқдим. Бинобарин, бундай синовлардан муваффақиятли ўтишимда факультетимизнинг ўша пайтдаги декани профессор Тўғон Эрназаров, туман газетаси муҳаррири Актам Тўрақулов каби инсонларнинг ҳам ҳиссаси бор. Актам ака ўшанда менга "Ука, бизнинг ишимиз шошқалоқликни ёқтирмайди, ҳар бир воқеага синчковлик билан қараш, салмоқли хулоса чиқариш керак, айтгандай, таниқли шоиримиз Барот Бойқобилов, ёзувчиларимиз Асад Дилмуродов, Маматқул Ҳазратқулов, Абдусаид Кўчимов ҳам ана шу мактабни ўташган", деган ўгити билан мени олдиндаги кўп синовларга тайёрлаган экан. Шунинг учун Малла Мадаминов, Файзи Ҳайдаров, Раҳмон Жўраев, Муродилла Янгибоев, Муртазо Мустафоев, Искандар Боймуродов ва Моҳира Жумаева каби сафдошларим билан узоқ йиллар давомида бақамти, чинакам рақобатда ва энг муҳими, ғайрату шижоатда фаолият кўрсатдик. Кимдир битта мақоласи билан танилиб кетди, кимдир бировларнинг мақолаларини ёзиб бериб яшади, кимдир чиройли таҳрир қилишдан кун кўрди – уларнинг барчаси ҳар ким қувваи ҳофизасига қараб синовлардан ўтиши эди.

Эсимда, 12 километр масофадан таҳририятга қатнар эдим. Автобусдан кечиксам, пиёда боришга тўғри келарди. Лекин нолимадим, ихчамгина ҳовлимизда тирикчиликка яраша у-бу етиштирдик, фарзандлар кўриб, уларни камолга етказдим. Минг афсуски, турмуш ўртоғимнинг умри қисқа экан, 64 ёшида бизни тарк этди. Бу синовларда ҳам фарзандларим, невараларим олдида туриб бердим. Дардимни ичимга ютиб, уларнинг яхши кунларини истадим.

Ҳаётнинг синовлари кўп. Мактабда, умуман, ўқишда ёки танловларда бу синов ғолиблари дарҳол маълум қилинади. Лекин ҳаёт синовлари ўз хулосасини кейинроқ айтади, пировардида умрингизни ё нурга тўлдиради, ё армонларга етаклайди. Беҳад шукрлар бўлсинки, камина бугун 70 ёшимда ҳаёт синовларидан имкон даражасида муносиб ўтганлигимни сезиб турибман. Негаки, касбимни эгаллаган ўғлим, фарзандларим ёнимда, неваралар қуршовидаман, қалбга яқин ҳамкасбларим ардоғидаман. Бугунги замонда инсонга мана бундай таскиннинг ўзи етарли деб ўйлайман. Бундай бахт барчамизга насиб этсин.

Матлаб Ҳасанов,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.