Журналистлар Маҳмудхўжа Беҳбудий уй-музейи фаолияти билан танишди

Самарқанд шаҳридаги Кичик мутахассислар тайёрлаш  марказида “Янги Ўзбекистон армияси — мамлакат қудрати, юксак ғурур ва садоқат тимсолидир!” шиори остида   ўтказилган маънавий-маърифий тадбир иштирокчилари – Тошкент, Навоий ва Жиззахдан келган ҳамда маҳаллий ОАВ вакиллари куннинг иккинчи ярмида Маҳмудхўжа Беҳбудий уй-музейида бўлди.

Ушбу музейнинг оммавий ахборот воситалари ходимлари учун алоҳида жозибаси бор. Чунки музей ўзбек журналистикаси тарихидан сўзлайди, миллий матбуотимизнинг тамал тошини қўйган жадид боболаримизнинг ўгитларидан сабоқ беради.

– Тарихдан биламиз, айнан мазкур музей биносида "Самарқанд" (ҳозирги «Зарафшон») газетаси, "Ойина" журнали чоп этилган, – дейди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б. Холмурод Салимов. – Маҳмудхўжа Беҳбудий 1908 йилдан бошлаб Самарқандда газета чиқариш учун ҳаракат қилган. Унинг бу нияти 1913 йилга келиб тўлиқ амалга ошади. Таъкидлаш жоиз, ўша пайтлар маъмурларининг газета чиқаришга рухсат бериши осон кечмаган. Улар маҳаллий тилда чиқадиган матбуот нашрини ўзлари учун ортиқча даҳмаза, ташвиш деб билган.

Дарҳақиқат, мазкур музейда Туркистонда жадидчилик ҳаракати етакчиси Маҳмудхўжа Беҳбудий ижоди ва ҳаёти тўғрисидаги маълумотлар, ўша давр маданияти, маърифати, илм-фан ривожига ҳисса қўшган бир қанча маърифатпарвар олимларнинг фотосуратлари, илмий асарлари мавжуд. Шунингдек, ХХ аср бошларига тегишли ноширлик дастгоҳи, газета ва журналлар нусхалари, илмий архив ҳужжатлари ва нодир ашёлар ўрин олган.

– Улуғ маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг уй-музейини кўздан кечириб, бу маскандаги газета ва журналлар, суратларни томоша қилиб, унутилмас таассурот олдик, – дейди “Жиззах ҳақиқати” газетаси мухбири Муқаддас Сапарова. –  Албатта, буюк маърифатпарвар, журналист ва ношир Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаёти ва ижоди ҳақида ўқиганмиз. Лекин шунинг ўзи етарли эмас. Журналистлар бу каби уй-музейларни ўз кўзи билан кўриши, жадид боболаримиз ҳақида кўпроқ маълумотларга эга бўлиши лозим.