Журналистларнинг ўз боғи бўлади
Бу йил баҳорда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Самарқанд вилоятида 10 миллион 208 минг тупдан ортиқ мевали ва манзарали кўчат, бута ва қаламчалар экиш белгиланган.
Вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси маълумотларига кўра, 3 апрелгача вилоятда 8,8 миллион тупдан ортиқ кўчат экилиб, электрон платформага киритилган.
Бу мавсумда ҳар бир фуқаро, корхона-ташкилот ходимлари экология ҳимоясига отланиб, кўчат экиш, боғ яратиш истаги кучайган. Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими, АОКА вилоят бошқармаси, вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармалари ташаббуси билан Самарқанд тумани Оҳалик массивида “Журналистлар боғи” ташкил этилмоқда.
Ташаббус бошлангандан буён илк бор журналистлар боғини ташкил этиш ғояси амалга оширилди ва бунинг учун туман ҳокимлиги томонидан 1 гектардан зиёд ер майдони ажратди. Кўчат экиш ишларида вилоятда фаолият олиб бораётган 100 дан ортиқ журналист, блогерлар, республика ОАВларининг вилоятдаги мухбирлари ва жамоат фаоллари иштирок этди.
- Бир гектар майдондаги дарахт бир кеча-кундузда 220-275 килограмгача карбонат ангидрид газини ютиб, 180-215 килограмм кислород ажратади, - дейди Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раиси Акрам Ҳайдаров. - Бу миқдор ўртача 500 кишини кун давомида кислород билан таъминлай олади. 1 гектар экинзор бир соатда 200 нафар инсон чиқарган карбонат ангидрид газини ютади. Бир кишининг йиллик кислородга бўлган эҳтиёжини 0,1-0,3 гектар ўрмон қоплай олади. Битта катта дарахт 1 кишига етарли кислород ажратиб беради. Дарахтлар фақатгина кислород манбаи эмас. Дарахт ва буталар шовқинни ютиб, ҳаводаги чангни ҳам ушлаб қолади. Шу боис, ижодкорлар табиатни асрашга ҳисса қўшиш, яшилликни таъминлаш ва ёш авлодга мусаффо ҳаво қолдиришга эришиш умидида кўчат экиш ишларини олиб борди. Қолаверса, бу боғ келажакда ҳар бир “қалам аҳли”нинг фахрланадиган масканига айланишига ҳам умид қиламиз.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ҳар йили баҳор ва куз фаслида кўчат экиш ишлари олиб борилади. Бу, аввало, жаҳонда тезлик билан кенгаяётган қурғоқчиликнинг оқибатларини камайтириш, глобал иқлим ўзгаришлари, ҳароратнинг кескин кўтарилишининг салбий таъсирларини юмшатишга хизмат қилади.
- Дарахт ўстириш учун ҳар қандай майдонга тўғри келган кўчатни экиш дегани эмас, - дейди Ўрмон хўжалиги Дарғом участкаси бўлим бошлиғи Мардон Ўтамуродов. – 44 йилдан буён ўрмончилик соҳасида ишлаб қандай майдонга қайси турдаги кўчат мос келиши, хорижий ва маҳаллий кўчатларнинг экиш тартибларини тажрибамдан ўтказдим. “Журналистлар боғи” учун ажратилган майдон тоғ этагида жойлашган ва тошлоқ майдон. Шу боис, бу ерга Катальпа, Ясин ва Қайрағоч каби 500 тупдан ортиқ манзарали дарахт кўчати экилди. Чунки бу дарахтлар сувсизликка чидамли, унувчанлиги юқори кўчатлар ҳисобланади.
Ташкил этилган боғ ва экилган кўчатлар тез кунда ҳомийларнинг маблағлари ҳисобидан қудуқ қазилиб, томчилатиб суғориш тизими жорий этилади.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.