Журналистларнинг Россия, Туркия ва Тожикистонга ижодий сафари режалаштирилмоқда

Бу ҳақда Жиззах, Навоий ва вилоятимиз журналистлари иштирокида Самарқанд шаҳрида ўтказилган минтақавий семинарда маълум қилинди.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва уюшманинг вилоят бўлими ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган “Мамлакатдаги ислоҳотларни ёритишда жанрлар ва журналист маҳоратининг аҳамияти” мавзусидаги семинар қатнашчилари ўзаро тажриба алмашиб, бугунги ахборот асрида оммавий ахборот воситалари олдида турган вазифалар юзасидан фикрлашиб олишди.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси О.Ўсаров, вилоят ҳокимининг ўринбосари Х.Очилов ва уюшманинг вилоят бўлими раҳбари Ф.Тошев бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни ёритишда журналистика, репортерлик санъати, таҳлил, бадиий-публицистик маҳоратни қўллай олишнинг аҳамияти ҳақида сўз юритди.
Тадбир доирасида самарқандлик бир гуруҳ журналист ва блогерларга Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси аъзолик гувоҳномаси топширилди.
- Бугун ўзбек журналистикасида туб ўзгаришлар, сезиларли силжишлар, сўз эркинлигининг амалдаги исботи бўй кўрсатаётгани ҳеч биримизга сир эмас, - деди О.Ўсаров. – Соҳага эътибор анча жонланган бўлса-да, ҳали ечимини кутаётган муаммоларимиз талайгина. Журналистларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, хизмат вазифасини эмин-эркин адо этиши учун бугун тизимли ишларни кучайтириш зарур.
Жумладан, келгуси йилдан Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги “Оқтош” санаторийсида Журналистлар ижодий уюшмаси аъзолари дам олиб, саломатликларини тиклашлари учун имконият яратилади.
Журналист ва блогерларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоялаш масалалари ҳам доимий эътиборимизда бўлади. Уюшма аъзоларининг билим ва малакасини ошириш мақсадида хорижий давлатларга саёҳатлар, тажриба алмашиш учун ижодий сафарлар уюштирамиз. Бугун босма оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ҳар қачонгидан долзарб бўлиб турганини яхши биламиз. Шу мақсадда уларнинг моддий аҳволини яхшилаш, обуна ва бошқа молиявий масалаларда ёрдам бериш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиққанмиз ва бу яқин орада ўз самарасини беришига ишонамиз.
Шунингдек, семинарда вилоятимиздаги 9 та босма нашрга “Yurida-Orfo” дастури сертификатлари берилди. Навоий ва жиззахлик журналистлар “Зарафшон”, “Самаркандский вестник” ва “Овози Самарқанд” газеталари таҳририятлари фаолияти билан яқиндан танишди.
Тадбирда минтақавий семинар иштирокчилари Самарқанд вилояти "Матбуот уйи" ҳовлисига кўчат ўтқазди.
Вилоятда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ҳақида батафсил маълумот бериш мақсадида семинар иштирокчилари учун Қорасув массиви, Самарқанд сайёҳлик маркази, Маҳмудхўжа Беҳбудий уй-музейи ва бошқа масканларга пресс-тур уюштирилди.
Вилоят ҳокими Э.Турдимов пресс-тур иштирокчилари билан учрашиб, вилоятдаги қурилиш-бунёдкорлик ишлари, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилаётган лойиҳалар тўғрисида маълумот берди.