“Kamalak Invest” корхонаси электр энергиясидан қандай фойдаланяпти?

Бош прокурор ўринбосари Ш.Аминов ҳамда электр энергияси ва табиий газ идоралари мутахассислари Паст Дарғом туманидаги қишлоқ хўжалиги соҳасига оид ишлаб чиқариш корхоналари ва иссиқхоналар фаолияти билан танишди.

Дастлаб, 1800 киловаттли қуёш панеллари ўрнатилаётган, натижада йилига 3 миллион киловатт электр энергиясини иқтисод қилиниш режалаштирилаётган “Kamalak Invest” МЧЖ корхонасида бўлиб, у ердаги иш жараёни, маҳсулотлар сифати, ишчи ходимларга яратилган шароитлар билан танишилди.

Шунингдек, тумандаги коммунал соҳа ташкилот ва корхоналари масъуллари иштирокида, туманда энергетика тизимини янада яхшилаш, энергия ресурсларини талон-торож этилишининг олдини олиш, энергия бўйича содир бўлаётган ўғирликларни фош қилиш ҳамда энергия самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратиш каби масалалар бўйича муҳокама ўтказилди.

Шундан сўнг "Маматқул инвест" МЧЖга қарашли 1,5 гектар майдонда ташкил этилган иссиқхонада бўлиб, унинг иситиш тизими кўздан кечирилди. Замонавий гидропоника усулида помидор етиштириладиган мазкур иссиқхонада 30 нафардан ортиқ аҳолининг бандлиги таъминланган бўлиб, унинг йиллик айланма маблағи 2,5 миллиард сўмни ташкил этади.

Бундан ташқари, ушбу иссиқхонада 3 хил йўл билан, яъни кўмир, газ ва дизель ёнилғилари орқали иситиш тизими йўлга қўйилган бўлиб, бугунги кунда бу иссиқхона фаолияти тўхтамаслигига самарали хизмат қилмоқда. Ш.Аминов мутасаддилар ва тадбиркорларга ўз кўрсатма ҳамда тавсияларини берди.

Шунингдек, яқин кунларда айнан ушбу иссиқхонада вилоятимиздаги йирик иссиқхоначилар ва масъуллар иштирокида кўргазмали семинар ўтказилиши ҳамда "Паст Дарғом намунаси" жорий этилиши белгиланди.