Капитал бозорига “Сукук” киритилиши режалаштириляпти
Ўзбекистон фонд бозори молиявий воситалар хилма-хиллигини кўпайтириш учун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг мамлакатимиздаги лойиҳаси ва Ислом тараққиёт банки билан ҳамкорлик олиб борилмоқда. Хўш, дунёнинг иқтисодиёти ривожланган давлатларида жорий этилган мазкур тизим бизга қандай самара келтиради?
- Республикамизда ислом “Сукук” молия воситасини жорий этиш учун ҳуқуқий асослар ишлаб чиқиш ва инфратузилма яратиш устида амалий ишлар олиб борилмоқда, - дейди Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Норбой Жўлматов. - Яқин йиллар ичида жорий этилиши режалаштирилаётган мазкур тизим орқали мамлакат молия бозорини кучайтириш учун Ўзбекистонга маҳаллий ва халқаро инвестициялар жалб қилинади. Бунинг учун Ислом тараққиёт банки гуруҳи томонидан 2020 йил октябрь ойида тренинг-семинарлар ўтказилди ва ноябрь ойида хусусий секторни ривожлантириш Истамбул халқаро маркази кўмагида БМТнинг Ўзбекистондаги тараққиёт дастури ҳамда Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги томонидан тайёрланган “Ўзбекистонда Сукук чиқариш имкониятларини дастлабки ўрганиш” тақдимоти ўтказилди. 2020 йил 12 октябрда Президентимизнинг “Ислом молиялаштириш тамойиллари асосида қимматли қоғозларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Бундан кўринадики, республикамизда яқин келажакда “Сукук” қимматли қоғозлари чиқарилиши режалаштирилмоқда.
Маълумот учун: “Сукук” инвестиция жалб қилишнинг кенг тарқалган усули бўлиб, лойиҳавий молиялаштириш ҳамда ижара унсурларига ўхшаб кетади. Ислом инструментидан фойдаланишнинг инвестор учун энг афзал жиҳати шундаки, бунда қимматли қоғознинг даромадлилиги “Сукук” чиқарилаётган лойиҳанинг даромадига тўғридан-тўғри боғлиқ бўлади.
Бундан ташқари, “Сукук” ўрта муддатли даврга капитал қўйилмаларнинг жозибадор механизми ҳисобланади.
Ўктам Худойбердиев.