Карантин тугайди, аммо эҳтиёт чоралари доимий қолиши керак

Фото:gazeta.uz

Давлатлар ва дунё ҳамжамиятининг экологик фалокатнинг олдини олиш учун саъй-ҳаракатларига қарамай, олимлар атроф-муҳит, сув, ҳаво, тупроқнинг булғаниши, саноат, уй-рўзғор маиший чиқиндилари кўпайиб бораётгани инсон саломатлигига катта таҳдид солаётгани ҳақида бонг урмоқдалар. Экологик муҳит бузилиши ўпка, юрак-қон томирлари, жигар, ошқозон-ичак ва бошқа касалликлар кўпайиши, уларнинг мутациялашган янги хиллари пайдо бўлишига олиб келмоқда. Кейинги йилларда инсоният саломатлигига хавф солган парранда гриппи, эбола, айни пайтда коронавирус каби илгари номаълум бўлган юқумли касалликлар шулар жумласидандир.

Шифокорлар коронавирус пандемияси яна такрорланмаслиги, экологик вазият яхшиланмаса, ҳушёрлик оширилмаса, шахсий гигиена қоидаларига амал қилиш кучайтирилмаса бундай хатарли касалликлар пайдо бўлмаслигига кафолат йўқлигини таъкидламоқдалар.

Айни пайтда коронавирус пандемиясига қарши кураш, даволаш, профилактик чора-тадбирлар – ҳушёрлик, тозалик турмушимизда, кундалик иш бўлиб қолиши кераклигини кўрсатмоқда.

Бу ва бошқа юқумли касалликларга қарши кураш, аввало, оилаларда бошланишини тақозо этади. Шахсий гигиена қоидаларига қатъий амал қилиш, чиқиндиларни дуч келган жойга ташламаслик, ҳовли-жойларни тоза сақлаш шулар жумласидандир. Кўрамиз, айниқса, қишлоқ жойларда айрим хонадонларда тозаликнинг оддий қоидаларига ҳам риоя қилинмайди. Кўп ҳолларда хонадон соҳиблари устки кийимларини алмаштирмасдан чорва молларига қарайди, сигир соғади, овқат пиширади, дастурхон атрофига ўтиришади. Кўча-куйга ҳам чиқиб кетаверишади. Ҳожатхоналарнинг кўпи усти очиқ, эшиксиз, антисанитария ҳолатида, дезинфекция қилинмайди. Шахсий гигиена воситаларининг тозалигига эътибор берилмайди. Ҳатто бутун оила битта сочиқдан фойдаланиши ҳоллари учрайди. Ҳаммом  ҳақида орзу ҳам қилишмайди.

Коронавирус пандемияси инсониятнинг кўзини очди, ҳушёр торттирди, Шахсий гигиена, тозалик, тартиб-интизом, ўзи яшаётган табиатни асраб-авайлаш, соғ-саломат яшашнинг гарови эканлигини кўрсатди.

Бу қийинчилик ўтиб кетади, карантин тугайди. Аммо эҳтиёт чоралари доимий бўлиб қолиши мақсадга мувофиқдир. Жумладан, одамлар гавжум бўладиган бозорлар, таълим муассасалари, шифохоналар, корхоналар, вокзал, автошоҳбекатлар, кинотеатрлар ва бошқа масканларга кириш жойларида санитария блок-постлари доимий сақланиб қолиши, назорат бўшаштирилмаслиги, юқумли касалликлар хуруж қиладиган мавсумларда жамоат транспорти, одамлар гавжум масканларда ниқоб тақиш одат тусига кириши зарур.

Юқумли касалликларнинг олдини олишда одамлар ўртасида ижтимоий масофани сақлаш ҳам муҳим. Миллий таомилга кўра, халқимиз азалдан ўнг қўлини кўксига қўйиб тавозе билан саломлашган, қучоқлашиб ўпишиш, қўлдан қўлга ўтган пулни бармоқни лабида ҳўллаб санаш ярамас одат, дейди шифокорлар.

Фаровон ҳаёт кечириш, юқумли касалликларга чалинмаслик аввало ўзимизга, тозалик, шахсий гигиена элементар қоидаларга риоя этишга боғлиқ эканлиги бир зум бўлсин ёддан кўтарилмаслиги керак.

Тоғаймурод ШОМУРОДОВ.