Карантинда туғилган кун ва дискотека уюштирган аёл қамоққа олинди
Баъзи фуқаролар карантин давридаги мажбурий қоидаларга амал қилишни унутиб, ҳуқуқбузарликка қўл уришяпти. Афсуски, улар орасида хотин-қизлар ҳам бор, деб хабар бермоқда ЎзА.
Маълум бўлишича, Фарғона шаҳрида яшовчи 51 ёшли аёл З.А. туғилган кунини нишонлаш мақсадида яшаш хонадонига Х.О.(аёл), унинг ўғли С.О. ва таниши А.Н. йиғилиб, спиртли ичимлик истеъмол қилган. Шундан сўнг улар овоз чиқарувчи аппаратурадан фойдаланиб, баланд овоз билан қўшиқ айтишади. Маст бўлгани ҳолда ўйин кулги қилишган. Ярим тунда шу кўп қаватли уйда яшовчиларнинг тинчини бузади.
Бундан ташқари, шу куни тунги соат 24:00 лар чамасида мазкур ҳолат бўйича ички ишлар бўлими ходимлари воқеа жойига келишганида, улар жамоат жойи Фарғона шаҳар Янги аср кўчаси, 108-уй олдида маст ҳолда арзирли сабабсиз бақир-чақир кўтаришган. Бир-бирларини қучоқлаб, ИИБ ходимларини уятли сўзлар билан сўкиб, уларнинг қонуний талабларини узрли сабабларсиз бажаришмаган.
Карантин давридаги бу ҳуқуқбузарлик уларга қимматга тушди. Фарғона шаҳар маъмурий суди томонидан мазкур иш кўриб чиқилиб, З.А.га 12, Х.О.га 7, унинг ўғли С.О. ва А.Н.ларга 15 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.