Пахтачилик уч нафар шахс 15 суткага қамалди. Улар фарзандларини моддий жиҳатдан таъминламаган

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 47-4-моддасига асосан моддий ёрдамга муҳтож вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суд ҳужжатига асосан ундирилиши лозим бўлган маблағни икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик учун тегишли жавобгарлик белгиланган.

Бу ҳолат ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга ёки ушбу кодексга мувофиқ маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Қонун талабларини бажармаган фуқароларга нисбатан жазо муқаррарлигини таъминлаш мақсадида Мажбурий ижро бюроси органлари томонидан алимент тўлашдан бўйин товлаб юрган шахсларга оид ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича судларга тақдим этилмоқда.

Хусусан, бюронинг Пахтачи тумани бўлими иш юритувида бўлган алиментдан қарздор М.Х.дан ундирувчи Ш.М.га 52 миллион 105 минг сўм, М.Ҳ.дан ундирувчи Н.А.га 39 миллион 774 минг сўм, Н.Н.дан ундирувчи С.И.га 20 миллион 476 минг сўм ундириш белгиланган.

Бироқ фарзанди таъминотини умуман ўйламай қўйган бу бефарқ оталар қарздорликни қонунда белгиланган муддат мобайнида тўламаган. Тегишли давлат идораларига юборилган сўров хатлари орқали қарздорлар номига расмийлаштирилган мол-мулклар аниқланмаган.

Алимент қарздорлигини ундириш имкони бўлмаганлиги сабабли тўпланган ҳужжатлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексга асосан маъмурий жавобгарлик масаласини кўришлик учун жиноят ишлари бўйича Пахтачи тумани судида кўриб чиқилди.

Эслатиб ўтамиз, биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган шахс, агар у маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш жараёнида алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни ихтиёрий равишда тўлаган бўлса, жавобгарликдан озод этилади.

Бироқ бундай қилмаган қарздор оталарга нисбатан 15 суткадан қамоқ жазоси тайинланди.

Шаҳзод Очилов,

Мажбурий ижро бюроси Пахтачи туман бўлими давлат ижрочиси.