Карантиндаги хонадон эгаларини ким назорат қилади?
Шу кунларда вилоятимизда ҳам Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан уй шароитида карантинда бўлганларнинг хонадонларига “Карантинга олинган хонадон” мазмунидаги махсус белгилар ўрнатилмоқда.
«Ўзингиз ва ўзгалар саломатлигига бефарқ бўлманг!» дейилади вилоят ИИБ ахборот хизмати хабарида.
Бугун вилоятда уй шароитида карантинда сақланаётган оилаларнинг назоратини ким олиб боради? Ушбу оилаларнинг яшаш тарзи қандай кечмоқда?
Шу кунларда аҳолининг бу масалага қизиқиши ортганини электрон манзилимизга келиб тушаётган савол, фикрлардан ҳам билиш мумкин. Кўпчилик “карантинга олинган хонадон эгаларининг уйидан чиқмаслигига ким кафолат беради, уларни ким назорат қилади”, деб сўрамоқда.
Мана, бир неча кундирки кўчамизда карантинда сақланаётган хонадон кечаю кундуз навбат билан қўриқланаётганига кўпчилик гувоҳ бўлаётир. Бошқа ҳудудларда ҳам шундай қўриқлов ташкил этилган.
- Ҳудуд профилактика инспектори томонидан мазкур хонадон карантинга олингани маълум қилингач, навбати билан бу хонадон ташқарисида назорат ишини олиб боряпмиз, - дейди Миллий гвардия кўриқлаш хизмати сафдор ходими Дилшод Жаъфаров. - Ишим эрталаб соат саккиздан кечки саккизга қадар давом этади, кечки сменада бошқа шеригим билан навбат алмашамиз. Хонадон эгаларига карантин шарт-шароитлари ҳақида тўлиқ тушунча берилган. Уларнинг уйига кўчадан бошқа бировнинг кириши ман этилади, шунингдек ўзларининг ҳам чиқиши мумкин эмас. Рўзғор учун озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон керак бўлса, қариндошлардан бири олиб келиб, эшик ёнида қолдиради. 14 кунлик назоратдан сўнг белгиланган тиббиёт ходимлари келиб, оила аъзоларининг саломатлигини текширгач, кейинги чоралар маълум бўлади.
Айни пайтда нафақат карантинга олинган хонадон аъзолари, балки барчадан талаб қилинадигани шу: кўчага чиқмаслик, уйда қолиш. Бундай чеклов ўзимиз ва яқинларимиз саломатлиги учунлигини унутмайлик!
Г.МЎМИНОВА.