Карантиндан қочишга уринган фуқаро ушлаб қолинди

7 апрель куни 129 нафар фуқаро Самарқанд вилоят саломатликни тиклаш шифохонасида карантинга олиниб, патруллик қўриқловига Марказий ҳарбий округ бўлинмаси жалб этилган эди.

Кеча, 11 апрель куни соат 20.30 да Самарқанд шаҳри Чўпонота маҳалласида яшовчи, чет элдан келган ва карантинга олинган 1978 йилда туғилган фуқаро Ж.К. шифохонанинг орқа томонидан қочишга уринган. Белгиланган йўналишда хизмат олиб бораётган шартнома асосидаги ҳарбий хизматчи, оддий аскар Шамсиддин Жўраев томонидан тақиқланган ҳудудни кесиб ўтган тартиббузар тўхтатиб қолинган. Шунда фуқаро ҳарбий хизматчига уйига бориб келиши, қайтиб келгандан сўнг уни рози қилишини айтиб, ҳаракатни давом эттирган. Ш.Жўраев тартиббузарни яна бир бор огоҳлантирган ва қатъий чоралар кўрган. Алоқа воситаси орқали берилган хабарга кўра, қисқа вақт ичида тезкор бўлинма етиб келган.

Бугун, 12 апрель куни Марказий ҳарбий округ қўмондони кўрсатмасига асосан, карантиндан қочишга уриниб, кўпчилик аҳоли саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган фуқарони ушлаб қолган ҳарбий хизматчига унвон ва қимматбаҳо совға топширилди.

Марказий ҳарбий округ ахборот хизмати.