“Касал бўлишга ҳаққингиз йўқ, устоз!”

Лобар Бойқобилова - олий тоифали ўқитувчиси. У Оқдарё туманидаги 6-умумий ўрта таълим мактабида 31 йилдан бери биология ва кимё фанидан ўқувчиларга дарс бериб келади.
Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан давлатимиз раҳбари бир гуруҳ фидойи, маҳоратли педагогларни давлат мукофоти билан тақдирлади. Мукофотланганлар орасида “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими” фахрий унвонига лойиқ кўрилди.
- Ўқитувчилик касбига меҳрим ота-онамдан ўтган, - дейди Лобар Бойқобилова. – Отам Тоштемир Бойқобилов Жиззах педагогика институтида талабаларга биология фанидан дарс берган, биология фанлари номзоди, доцент эди. Онам Фотима Ҳайитова бошланғич синф ўқитувчиси бўлган. Педагоглар оиласида вояга етганим учун мен ҳам шу касбни танладим.
Мактабга кирсам дунё ташвишларини унутаман, шу сабабли касбимни жуда яхши кўраман. Биология - ҳаёт ҳақидаги фан. Дарсимни ҳаётий мисоллар билан ўтаман. Шунинг учун болалар биологияни қизиқиб ўқийди. Уларни шу фанга қизиқтира олганим учун бўлса керак шогирдларим Муаттар Тўхтаева, Ноила Ҳасанова, Гулшода Аҳмедовалар мен билан бир жамоада ишлайди. Кўпгина шогирдларим шифокор, улар орасида инфекционист, окулист, педиатр, хирурглар бор. Улар мендан тез-тез ҳол сўраб туришади. Иссиқ жон, бирор жойим оғриб турган қолса, маслаҳат сўрайман. Керакли маслаҳатни бериб, “Доимо соғ бўлинг, устоз! Сизнинг касал бўлишга ҳақингиз йўқ!”, дейишади кулиб.
Ўқитувчининг 8-синфлар учун одам ва унинг саломатлиги лаборатория машғулотлари ишланмаси туман миқёсида оммалашган.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.