Касб-ҳунарга ўқитиш марказида стипендия бериладими?
Каттақўрғон шаҳридаги касб-ҳунарга ўқитиш маркази 2020 йилнинг сентябрь ойидан иш бошлади. Унда ошпаз-қандолатчи, тикувчи, пайвандловчи, электрик, компьютер оператори, сантехник, умумқурилиш устаси, боғдорчилик ва иссиқхона ишчиси каби касбларга ўқитилмоқда. Марказга шаҳар аҳлидан ташқари Нарпай, Пахтачи, Нуробод, Иштихон, Каттақўрғон туманларидан 18 ёшдан ошган ишсиз фуқаролар келиб касб-ҳунар ўрганмоқда.
- Дастлаб марказимизда 9 йўналишда касб ўргатилган бўлса, бугун 11 йўналишда ишсиз ва хорижда ишлаш истагида бўлган фуқаролар ўқитилмоқда, - деди марказ директори Жавлон Қўлдошев. – Яқин ойларда аҳолига 30 йўналишда касб-ҳунар ўргатишни йўлга қўямиз. Аммо ҳозирча ётоқхонамиз йўқ. Туманлардан келган фуқаролар Каттақўрғон шаҳрида ижара уйларда яшаб ўқияпти.
Касб-ҳунарга ўқитиш маркази биноси 825 ўринли бўлса-да, ҳозирча 370 нафар ўқувчи икки навбатда касб ўрганяпти. Дарслар эрталаб соат 08:30 дан 12:50 гача, иккинчи навбатда ўқийдиганлар учун 13:00 дан 17:00 гача ташкил этилган.
Ростдан стипендия бериладими?
Марказда туман (шаҳар) бандликка кўмаклашиш бўлимларидан йўлланма асосида келганларга ойига 239 минг сўмдан стипендия берилади. Хорижга чиқиш истагида бўлганлар эса стипендиясиз ўқийди.
- Мен опам билан Нарпай туманидан тикувчилик курсига қатнаяпман, - деди Шоҳида Абдуҳалимова. – Ёшим 27 да, опам 41 ёшда. Ҳозир эркаклар учун кўйлак ва шим тикишни ўрганяпмиз. Бир ярим ой ичида тикувчиликни анча ўргандим. Опам иккаламиз ўзимиз яшайдиган Тепақўрғон маҳалласида субсидия асосида ателье очишни режалаштиряпмиз. Аммо бизга ваъда қилинган стипендия пули ҳали берилгани йўқ.
Бошқа курсларда ўқиётганлар ҳам стипендия олмаётганини айтди. Фақат Каттақўрғон шаҳрида истиқомат қилувчиларга шаҳар бандликка кўмаклашиш бўлими томонидан стипендиялар вақтида берилаётган экан. Туманлардан қатновчилар эса стипендиясиз ўқимоқда.
Саватчилик курсида тошкентлик ҳунарманд Шокир Тожибоев аёлларга турли ҳажмдаги сават тўқиш сирларини ўргатмоқда.
- Бу ҳунар ортидан ҳам яхши даромад қилиб, рўзғор тебратса бўлади, - дейди уста. – Мен ҳар йили Тошкентдан Сиёб бозорига 3-4 мингта сават жўнатаман. Саватларни нафақат аҳоли, балки хорижлик сайёҳлар ҳам яхши харид қилади. Саватчиликни 3 ой ўргатиш шарт эмас. Иқтидори борлар 10 кунда ҳам сават тўқишни мукаммал ўзлаштира олади. Узоғи билан бир ойда яхши мутахассис бўлади.
Ҳали очилганига беш кун бўлган бу курсда чиройли саватлар тайёрланиб деворга осиб қўйилган.
- Сават тўқиш асабни тинчлантираркан, - деди Комила Турдиева. – Бу ҳунарни беш кунда анча ўзлаштириб олдим. Вақтинча ишсиз бўлганим сабабли ҳунар ўрганай деб келяпман.
Иссиқхона бор, билим йўқ эди
Компьютер операторлиги курсига қатнаётган нурободлик Сожида Қалқонова ўзи истиқомат қиладиган Жарқудуқ қишлоғида пайнет шохобчаси очмоқчи.
- Тўрт нафар фарзандим бор, - деди у. – Шу пайтгача ҳеч қаерда ишламаганман. Каттақўрғон шаҳрида касб-ҳунарга ўқитиш маркази очилганини эшитиб, бир ярим ойдан буён компьютер операторлиги курсига қатнаяпман. Қишлоғимизда пайнет шохобчаси йўқ, шу сабабли компьютерни ўрганяпман.
Боғдорчилик ва иссиқхона ишчиси курсида таҳсил олаётганларнинг орасида 60 ёшли аёлни учратдик.
- Ёзда ҳовлимга 12х8 метр майдонда Каттақўрғон шаҳар бандликка кўмаклашиш бўлими томонидан иссиқхона қуриб берилди, - деди Хайринисо Жабборова. – Дастлаб кўкат экдик. Иссиқхонадан янада кўпроқ даромад қилишни истайман, аммо бунга етарли билим керак. Шунинг учун ушбу курсда ўқияпман.
Аҳолини камбағалликдан чиқариш мақсадида жойларда туман (шаҳар) бандликка кўмаклашиш бўлимлари томонидан субсидия асосида иссиқхоналар қуриб берилмоқда. Аммо ҳамма ҳам ундан унумли фойдаланишни билмаяпти. Марказда очилган боғдорчилик ва иссиқхона ишчиси курси айнан шундай фуқароларга қўл келмоқда. Курсда ўқиётганларнинг аксариятининг уйида иссиқхона бор, аммо ундан қандай қилиб мўл ҳосил олишни билмайди.
Четга бориш учун ҳунар керак
Пандемия шароитида давлатлар ўртасида кириб-чиқиш тартиби ҳам ўзгарди. Масалан, Россия Федерацияси мигрантлардан бирор касбни эгаллаганини тасдиқловчи ҳужжат талаб қиляпти. Марказдаги пайвандчилик, электрик, сантехник, умумқурилиш курсларида айнан Россия давлатига бир неча йиллардан бери қатнаб ишлаб келаётганлар ўқимоқда. Уларнинг қандай ҳунар ўрганаётганига қизиқдик. Умумқурилиш, электрик курсларида ҳунар ўрганаётган йигитлар курсга қатнаётганидан мамнун эканини билдиришди. Аммо баъзилар муаммолар борлигини ҳам айтди.
- Аргонли пайвандлашни (аргон сварка) ўрганиш учун курсга қатнаяпман, аммо бу ерда аргонли пайвандлаш ускунаси йўқ экан, - деди Элдор Расулов. – Ўзим анча йилдан бери Россияда ишлайман. Оддий пайвандлашни яхши биламан. Марказга аргонли пайвандлаш ускунаси беришсин.
Марказда бизга ёққани ошпазлик курси бўлди. 5-разрядли ошпаз Гавҳар Ибрагимова ёшларга Европа ва миллий таомларни ўргатаётганига гувоҳ бўлдик.
- Назария билан амалиётни биргаликда олиб боряпман, - деди ошпаз мураббий. – Масалан, ресторанлардан буюртма тушса, ўқувчиларни олиб бориб, дастурхон безашдан таомни қандай тайёрлаш ва тортиш санъатигача тушунтиряпман. Улар уч ойда нафақат ошпаз, балки официантлик сирларини ҳам ўрганяпти.
Марказ ўқувчиларига айнан бир ҳунар ўргатилгани боис улар уч ойда икки йиллик коллеж дастурини ўзлаштиради. Шунинг учун касб-ҳунарга ўқитиш марказини битирганларга сертификат берилади. Сертификат эгаси хорижда ҳам ушбу касбда ишлаши мумкин.
Каттақўрғон шаҳридаги касб-ҳунарга ўқитиш маркази айрим камчиликларни айтмаганда ишсиз фуқароларга уч ойда ҳунар ўрганиш учун катта имконият.
Хуршида Эрназарова,
Бахтиёр Мустанов (фото).