Кашалот ошқозонида 16 соат ётган кит овловчи

Бу ҳайратомуз саргузаштни 1891 йилда кит овловчи кемасида гарпунчи (катта балиқларни овлашда узун найза отувчи) бўлиб ишлаган денгизчи Жеймс Бартли бошидан ўтказди.

Жеймс Бартли учун вагон ва Боинг самолёти катталигидаги китлар билан учрашиш одатий ҳол эди. Ҳар сафар унинг кемаси кит билан учрашганда, у қайиққа сакраб эҳтиёткорлик билан, кашалотга яқин масофагача сузиб борган ва ҳайвонга найза отган.

Ана шундай оддий иш кунларининг бирида тахминан Фолкленд оролларида унинг кемаси Жеймс учун тақдирли бўлган ва уни дунёга машҳур қилган йиртқич китга дуч келди. Иккита қайиқ сувга туширилди, гарпунчиларнинг бири китни яралагандан сўнг, ҳақиқий хунрезлик бошланди. Ғазабланган кашалот қайиқларнинг бирига думи билан қаттиқ зарба бергандан сўнг номаълум томонга ғойиб бўлди, қайиқ парчаланди. Иккинчи қайиқдаги экипаж қочишга муваффақ бўлди. 8 кишидан 6 нафари кемага қайтди, денгизчилар ўлик деб ҳисоблаган икки кишининг бири Жеймс Бартли эди.

Бир неча соат ўтгач, кашалотнинг танасига дуч келишди, етказилган жароҳат уни ўлимга олиб келган экан. Кит қирғоққа олиб келингач, денгизчилар унинг терисини арчишга киришишди. Чуқур ёришдан сўнг, тахмин қилинган ўлик денгизчиларнинг бири Жеймснинг жасади топилди. Денгизчилар унинг тириклигини кўриб, ҳайратда қолишди. Жеймс жиддий жароҳатларсиз, бироқ ҳушсиз эди. Ҳодиса содир бўлган вақтдан жасад чиқарилишига қадар тахминан 16 соат ўтган эди.

Шифокорлар Бартлини дарҳол ҳушига қайтаришди. Аммо у 3 ҳафта давомида гапира олмас ва ташқи дунё билан алоқаси суст эди. Бироқ бир ойдан сўнг у тиклана бошлади ва тез орада ўз ишига қайтди. Жеймснинг танаси деярли жароҳат олмаган, аммо терисининг кийим билан қопланмаган қисмлари – юзи, бурни, бўйин ва қўллари ранги ўзгарган ва ғайритабиий рангпар бўлиб қолган эди. Бу кашалотнинг ошқозонидаги кислота билан боғлиқ эди.

Денгизчи кучли зарбадан кейин қайиқдан йиқилганини эслади, кейин ўзини оёқлари билан узоқ вақт олдинга сирғалиб кетаётган тор, қоронғи қувурда кўрди. Кўп ўтмай у бадбўй иссиқ ҳавони ҳис қилди. Қоронғи маконнинг деворлари қалин шилимшиқ қатлам билан қопланган эди. Нима бўлганини тушунгач, у ваҳимага тушди ва яна ҳушини йўқотди...

Жеймс шаҳарга машҳур бўлиб қайтди, барча газеталар у ҳақда ёзишди. Миллиондан биттада бўладиган имконият: у кашалот ошқозонида 16 соат ўтказиб тирик қолган эди.

Баҳора МУҲАММАДИЕВА таржимаси.