Каттақўрғон анжир ва хурмо етиштиришга ихтисослаштирилади

Вилоят ҳокимлиги томонидан Каттақўрғон туманида аҳолининг томорқа ва ижарага берилган ерлардан самарали фойдаланиш орқали даромадини ошириш, бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган кўргазмали семинар ташкил этилди.

Семинарда вилоятдаги тегишли бошқарма ва идоралар, тижорат банклари раҳбарлари, туман-шаҳар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари иштирок этди. 

Дастлаб Мундиён маҳалласида жойлашган 1-сектор штабида кўчатлар ярмаркаси ташкил этилди. Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ф.Абилов, Каттақўрғон тумани ҳокими Ж.Насриддинов давлатимиз раҳбари томонидан берилган топшириқлар асосида туманда “Бир контур – бир маҳсулот” тамойилини жорий этишда амалдаги қулупнайчилик билан бирга анжир ва хурмо етиштиришга устувор аҳамият берилаётганини таъкидлади. Мутахассисларнинг тавсиялари асосида ҳудуд тупроқ ва иқлим шароитига мос анжир ва хурмо кўчатлари танланиб, аҳолига тарқатилмоқда ва шу орқали барқарор даромад манбалари яратилади. 

Жумладан, “Agrobank” томонидан каттақўрғонликларга 100 мингта анжир ва хурмо кўчати тарқатилади. 

Иштирокчилар учун маҳсулотларни бозор талабларига мос етиштириш ва турларини кўпайтириш юзасидан кўргазмалар намойиш қилинди.

Семинар иштирокчилари Мундиён маҳалласида яшовчи Мардон Шодмоновнинг томорқадан фойдаланиш тажрибаси билан танишдилар.

Отахон 20 сотих томорқасида узум ва кўчатчиликдан мўмай даромад қилаётгани ҳақида гапириб берди.

– 100 туп ток кўчатимиз бор ундан войиш қилиб, узум етиштирамиз, – дейди Мардон Шодмонов. – Бундан ташқари ток қаламчалари ва турли хил мевали дарахт кўчатлари тайёрлаб сотамиз, сабзавот экинлари экамиз. Рўзғорга нимаики зарур бўлса, ўзимиздан чиқади. Ўтган йилда томорқадан 100 миллион сўм даромад қилдик. Меҳнат қилган, изланган одам ҳовлисининг ўзидан пул топиб, орзу-ҳавасларига етиши мумкин.

Туманнинг Валижон маҳалласидаги 40 нафар ишсиз фуқарога ижарага берилган 12 гектар ер майдонида “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида қулупнай етиштириш йўлга қўйилган. Маҳалла аҳли хориждан келтирилган, серҳосил қулупнай навини парваришлаб, маҳаллий навлардан кўп ва йилиги бир неча марта ҳосил олмоқда. 

 Семинар иштирокчилари маҳалла тажрибасини ўрганиб, уни ўз ҳудудларида ҳам жорий этиш бўйича маслаҳат ва тавсиялар олдилар.

Шундан сўнг, меҳмонлар туманнинг Каттаминг маҳалласида 5 гектар ер майдонида “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида анжир кўчатлари экиш жараёнларида иштирок этдилар.

Шу ерда семинар қатнашчиларига агротехнологиялардан тўғри фойдаланиш ва анжир кўчатларига самарали парваришлаш усуллари ҳақида мутахассислар томонидан тавсиялар берилди.