Каттақўрғон туманидаги 1-мактаб китобсеварларига 100 миллион сўм насиб этадиган бўлди

Бугун Самарқанд шаҳридаги Ёшлар марказига вилоятдаги китобсевар йигит-қизлар ва уларнинг устозлари жам бўлди. Улар Президентимизнинг бешта муҳим ташаббуси ижросини таъминлаш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган “Энг яхши китобхон мактаб” кўрик-танловининг вилоят босқичини катта қизиқиш билан кузатди.

Танловда вилоятдаги барча шаҳар ва туманлар вакиллари, ҳар бири 7 нафар иштирокчидан иборат 16 мактаб жамоаси синовдан ўтди. Бу иштирокчилар танловнинг қуйи босқичларида ғолибликни қўлга киритган китобсевар жамоалардир. Уч шартдан иборат танлов жараёнини ҳакамлар синчковлик билан кузатиб борди.

Якунга кўра, Каттақўрғон туманининг 1-умумий ўрта таълим мактаби жамоаси ғолибликни қўлга киритиб, вилоят ҳокими соврини - 100 миллион сўмни қўлга киритадиган бўлди. Иккинчи ўрин Пахтачи тумани 24-мактаб, учинчи ўрин эса Иштихон туманидаги 1-ихтисослашган давлат умумтаълим мактаби жамоасига насиб этди.

Тўлқин СИДДИҚОВ.