Каттақўрғонда Каттаминг ва Мойбулоқ оилавий поликлиникаларида янги кечаю-кундуз реабилитация бўлимлари фаолият бошлади

Каттақўрғон тумани аҳолиси учун яна бир муҳим қадам ташланди — Каттаминг ва Мойбулоқ маҳаллаларида жойлашган оилавий поликлиникалар таркибида 20 ўринли замонавий кечаю-кундуз реабилитация бўлимлари ташкил этилди.
Илгари ушбу поликлиникалар фақатгина кундузги тиббий хизматларни амалга оширган бўлса, эндиликда уларда стационар тиббий хизмат йўлга қўйилиб, аҳолига узлуксиз тиббий ёрдам кўрсатиш имконияти яратилди.
Очилиш маросимида туман ҳокими Жамшид Насриддинов, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Сухроб Зайниев, тиббиёт ходимлари ва маҳалла фаоллари иштирок этиб, янги бўлимлар аҳамияти, улар орқали аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда эришиладиган натижалар ҳақида тўхталиб ўтишди.
Реабилитация бўлимлари замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган бўлиб, УТТ, лаборатория, физиотерапия муолажалари, стоматологик, акушер-гинекологик, жарроҳлик ва бошқа йўналишларда хизмат кўрсатадиган малакали мутахассислар фаолият юритади.
Ушбу янгилик Каттақўрғон тумани тиббиётида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва аҳолига қулай шароит яратишга қаратилган амалий ишлар самарасидир.