Каттақўрғондаги боғчада 900 миллион сўм миқдорида ноқонуний харажатларга йўл қўйилгани аниқланди
Мактабгача таълим вазирлиги ва Ҳисоб палатаси ҳамкорлигида бошқа вазирлик ва идораларнинг мутахассислари жалб қилинган ҳолда бюджет маблағларининг самарали ишлатилиши юзасидан чуқур таҳлилий ўрганишлар натижасида 48,3 миллиард сўмлик молиявий хато ва камчиликлар аниқланган.
2019 йил ва 2020 йилнинг биринчи ярмида аниқланган йирик молиявий қонунбузарликлар:
900 миллион сўм — Каттақўрғон шаҳрининг 10-махсус МТМдаги ноқонуний харажатлар (Самарқанд вилояти);
301 миллион сўм — Олмазор туманининг 509–МТТдаги молиявий қонунбузарликлар (Тошкент шаҳри);
202 миллион сўм — Пешкў туманининг 22-МТТдаги камомад ва ойлик иш ҳақи тўлов қайдномаларининг қалбакилаштирилиши (Бухоро вилояти);
150 миллион сўм — Миришкор туманининг 8-МТТдаги озиқ-овқат ва моддий бойликларнинг камомади, “ўлик жонлар” ва тўлов қайдномасидаги имзоларнинг қалбакилаштирилиши (Қашқадарё вилояти);
101 миллион сўм— Гулистон туманининг 11-МТТдаги иш ҳақи тўловларининг ортиқча сарфланиши (Сирдарё вилояти).
Мактабгача таълим вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси билан биргаликда молиявий қонунбузарликларни аниқлаш, профилактикасини таъминлаш ва олдини олиш бўйича Йўл харитасини ишлаб чиқди ва ушбу ҳужжат 14 та вазирлик ва идоралар билан келишилди.
Шунингдек, Бош прокуратура билан ҳам мактабгача таълим соҳасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича Йўл харитаси ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.