Каттақўрғондаги марказлашган иссиқлик тизими: Иншоот қурилиши нега чўзилмоқда?

Каттақўрғон шаҳрида қурилаётган иссиқлик таъминоти тизими соҳадан хабардор барча учун жуда муҳим аҳамиятга эга бўлган иншоот.

Биринчидан, узоқ йиллардан сўнг илк бор вилоят марказидан ташқарида (аслида марказларда ҳам ташлаб қўйилган) бундай тизим қурилмоқда. Бу иссиқлик таъминотида, гарчи қиммат бўлсада, лойиҳалар бошлангани ўлароқ ёқимли хабар.

Иккинчидан, бугунги кунда ҳар қишда учрайдиган табиий газ ва электр таъминотидаги муаммоларнинг сабабларидан бири ҳам шу — айнан марказлашган иссиқлик тизими йўқлигида. Ёши катталар яхши билади, иссиқлик манбаи корхоналари доимий ишлаб, қўп қаватли уйларга иссиқлик мунтазам етказиб турилган вақтларда бундай ҳудудларда газ ва электр муаммолари бўлмаган. Учинчидан, иситишнинг бундай тизими ҳар доим нисбатан арзон бўлган.

Хуллас, Каттақўрғонда ушбу иншоот қурилиши эълон қилинган заҳоти шаҳарга бориб дастлабки мақолани эълон қилгандик. Ўз навбатида лойиҳа ижроси якунига етгунига қадар кузатиб боришимизни ёзгандик. Шу мақсадда жараён қандай кетаётганини ўрганиш учун яна Каттақўрғон шаҳрида бўлдик.

Таъкидланганидек, ушбу тизим ишга тушса, шаҳардаги 24 та кўп қаватли уйдаги барча хонадонлар марказлашган иссиқлик тизими билан таъминланади. Хусусан, шаҳардаги энг катта маҳалла — Ватанпарварда иссиқлик муаммосига барҳам берилади.

Аҳоли билан суҳбатда билдикки, улар ҳам лойиҳа бошланганини яхши кайфиятда кутиб олган. Аммо лойиҳадан хабардор бўлмаганлар ҳам бор.

- Бу биз учун узоқ кутилган қурилиш, - дейди маҳалла раиси Қаҳрамон Аминов. - Иссиқлик тизими, биринчидан, умуман хавфсиз, чақнаш эҳтимоли, ис газидан заҳарланиш хавфи йўқ, нисбатан арзон ва доимий иссиқлик кимга керак эмас?
Шунинг учун ушбу қурилиш бошлангани албатта яхши. Ҳозир тармоқлар қурилиши бир неча кўп қаватли уйларга етиб борган. Хонадонларни улаш ҳам бошланган. Фақат айрим хонадон эгаларигина турли сабаблар, масалан, “уйимнинг таъмирига зарар етади” деган важлар билан тармоқ тортишни хушламаяпти. Аммо бундай фикрдагилар саноқли, ўйлайманки, тушунтириш ишлари билан тез орада бундай гапларга ҳожат қолмайди.

Дарҳақиқат, суратда кўриб турганингиздек, кўп қаватли уйларга тармоқ тортиш ишлари давом этмоқда. Қозонхона жойи ҳам тайёр, тез орада ўрнатилиши айтилмоқда. Афсуски, лойиҳа якуни барибир март ойигача чўзилиши мумкин. Хуллас, аҳоли бу ҳудудда кейинги йил қишдагина ишончли ва мунтазам иссиқликдан баҳраманд бўлади. Бунинг сабабларига қизиқдик.

Табиийки, иншоот ҳали қуриб битказилмаганлиги ва ҳокимликка топширилмагани сабабли шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари бу борада аниқ фикр билдира олмади. Объект ҳали қабул қилиб олинмаган. Шу сабабли буюртмачи — вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги “Кўп қаватли уйларни таъмирлаш бўйича инжиниринг компанияси” давлат муассасаси вакили билан боғландик. Аввалги чиқишимизда ушбу объект қурилиши учун тендер 2024 йил 1 ноябрда ўтказилишини айтгандик.

Хусусан, тендер ғолибига объектни 50 кун ичида қуриб битказиш мажбуриятини юклаш кўзда тутилган. Инжиниринг компаниясидан маълум қилишларича, 1 ноябрь куни фақат битта пудрат ташкилоти қатнашганлиги сабабли тендерда қурилиш пудрат ташкилоти аниқланмаган. 4 ноябрда ўтказилган танловда «КОМУНАЛ ҚУРИЛИШ ББ» МЧЖ Каттақўрғон шаҳар Амир Темур кўчасида жойлашган кўп квартирали уйларни иссиқлик таъминоти тизимини таъмирлаш объекти бўйича ғолиб деб топилган ва 25 ноябрда пудрат шартномаси тузилган. Ғазна ҳисоб рақамида қурилиш пудрат ишлари учун тўлов ёпиқлиги сабабли лойиҳа 5 декабрга келиб молиялаштирилган.

Ҳозир объектда барча иссиқлик қувурлари олиб келинган ва қурилиш ишлари олиб борилмоқда. 1900 метр тармоқ тортилган, қозонхоналар олиб келинган. Қозонхона ишлари (биз борган вақтда) 50 фоизга бажарилган.

Буюртмачи, мутахассислар ва аҳоли билан суҳбатда билдикки, лойиҳа кечикишининг яна бир жиддий сабаби – ҳудудда ер остида коммуникация тармоқларининг ҳаддан ташқари кўп экани. Муҳандислик, коммуникация тармоқларига зарар етказмаслик учун қазиш ва тармоқ тортиш кўпинча қўл меҳнати билан амалга оширилмоқда. Бу эса ишларни маълум муддатга ортга суриши айтилмоқда.

Шундай қилиб, узоқ кутилган, жойларда яна марказлашган иссиқлик тизимини қайта тиклашга қаратилган дастлабки лойиҳа ана шу тарзда давом этмоқда. Катта эҳтимол билан қурилиш ишларининг тўлиқ якуни март ойига тўғри келади. Нима бўлганда ҳам бошқа муаммолар чиқиб, қурилиш тўхтаб қолмаслигидан умидвормиз ва бу каби лойиҳалар бошқа ҳудудларда ҳам давом эттирилиши лозим деб биламиз.

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ,
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.