Каттақўрғонлик депутатларга фойдали маслаҳатлар берилди

Каттақўрғон тумани ҳокимлигида халқ депутатлари туман Кенгашининг доимий комиссиялари раислари учун ўқув-семинар ўтказилди.

“Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири, сенатор Фармон Тошев халқ депутатлари Каттақўрғон туман Кенгаши депутатлари билан учрашиб, доимий комиссиялар ишини ташкил этиш, депутатлик сўрови юборишнинг тартиби, сайловчилар билан учрашувлар ташкил этиш, улар билан мулоқот қилиш, оддий одамларни ўйлантириб келаётган муаммоларни ўрганиш ва ҳал этиш, ойлик ҳисоботини юритиш каби масалаларда сўз юритди. Депутат халқнинг олдида ҳурматли инсонга айланиб, халқнинг дарди билан яшаб, уларнинг ишончини қозониши кераклиги айтилди.

Семинар давомида депутатлар билан учрашувлар ўтказиш, уларнинг фаолиятига кўмаклашиш мақсадида штаб ташкил этиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Тадбирдан сўнг штаб учун алоҳида хона танланди ва штаб фаолияти билан боғлиқ масалалар келишиб олинди.

Каттақўрғон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.