КДРда БМТ ходимларини ўлдирган 51 киши ўлимга ҳукм қилинди

Конго Демократик Республикаси (КДР) ҳарбий трибунали қарийб беш йил аввал БМТнинг икки ходимининг ўлдирилишида айбланган 51 кишини ўлим жазосига ҳукм қилди, деб хабар бермоқда France-Presse агентлиги.

Гап БМТнинг икки эксперти – Швеция фуқароси Зайда Каталан ва АҚШ фуқароси Майкл Шарпнинг ўлдирилиши ҳақида кетмоқда. 2017 йилнинг март ойида улар КДРнинг Касаи провинциясига миссияси вақтида ўғирлаб кетилган ва иккаласи ҳам ўша ойнинг охирида ўлик ҳолда топилган.

Қайд этилишича, 54 нафар айбланувчидан бир киши ўн йилга озодликдан маҳрум этилган, яна икки нафари оқланган.

Таъкидланишича, ўлим жазосига ҳукм қилинганлар умрбод қамоқ жазосини ўташади, чунки КДРда 2003 йилдан бери ўлим жазосига мораторий амал қилади.