“Келажак лидерлари” – янги авлод кадрлари

Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Самарқанд вилоят филиали қошида “Келажак лидерлари” клуби ташкил этилган эди. Эътиборлиси, клуб аъзоларини ўқитиш, уларнинг билими, кўникма ва малакаларини ошириш учун қатор лойиҳалар рўёбга чиқариляпти.

Яқинда Бўстонлиқ туманидаги ёшлар оромгоҳида квест-тренинг машғулотлари, Давлат бошқаруви академиясида “Бўлажак раҳбар қандай бўлиши керак?” мавзусида маҳорат дарслари ташкил этилди. Бундан кўзланган мақсад янги авлод кадрлар захирасини яратиш, билимли, ташаббускор ва фаол ёшларни фуқаролик хизматига кенг жалб қилишдан иборат.

Бундан беш йил муқаддам давлат раҳбари Ш.Мирзиёев ёшларнинг изланишлари, интилишларини муносиб баҳолаб, уларга темир қанот бўладиган тизим зарурлигини алоҳида таъкидлаган эди. Самарқандда илк бор иш бошлаган “Келажак лидерлари” клуби давлатимиз раҳбари таъкидлаган “социал лифт” вазифасини бажаришга киришди, десак муболаға эмас. Клуб аъзолари орасидан раҳбарлик лавозимларига номзодлар кўрсатилаётгани фикримиз тасдиғидир. Клуб аъзолари Бегзод Муродуллаев Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Зиёрат туризмини ривожлантириш департаментига, Бобуржон Астанов Савдо-саноат палатаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармасининг бизнес-режалар тайёрлаш ва бозор инфраструктурасини ўрганиш сектори мудири лавозимига, Сарвиноз Турсунова Самарқанд вилоят бандлик бошқармасининг коррупцияга қарши курашиш тизими мутахассиси вазифасига тайинланди.

Бу бизга икки хулоса учун асос беради. Аввало, тизим фаолиятининг йўлга қўйилиши ўз вақтида қабул қилинган қарор бўлган. Қолаверса, ёшларимиз орасида иқтидор эгалари кўп. Уларга имкон бериш эса мамлакатимизнинг бош сиёсий йўналишларидан саналади.

Қудрат Мирзаев,

“Келажак лидерлари” клуби аъзоси.