Келгуси йил камбағал оилалар фарзандларининг боғча тўлови қисман қоплаб берилади

2025 йилдан бошлаб оилавий боғча ўринларининг 15 фоизи камбағал оила фарзандлари учун ажратилади ва уларга боғча тўлови қисман қоплаб берилади.
Шунингдек, мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умаровага келгуси йили камбағаллик даражаси юқори бўлган мингта маҳаллада биттадан оилавий боғча фаолиятини йўлга қўйиш топширилди.
Йиғилишда Президент яна бир муҳим масалага тўхталди.
- Камбағал оилалардаги 460 минг одам тиббий ёрдамга, 6 мингта оила эса уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож, - деди Ш.Мирзиёев. - Шу боис 2025 йилда муҳтож одамларнинг жарроҳлик амалиёти учун Тиббий суғурта жамғармасига қўшимча 185 миллиард сўм ажратилади. “Ижтимоий дафтарлар” маблағи фақат камбағал оилаларни яшаш шароитини яхшилаш, тиббиёт, таълим хизматларини кўрсатиш ва даромадини оширишга сарфланади. Адолат бўлиши учун, эндиликда бу маблағлар тумандаги камбағаллар сонига қараб тақсимланади.
Ижтимоий дафтарлар маблағининг 30 фоизини туман ҳокимларига “Инсон" марказлари билан маҳалладаги уй-жой, йўл, сув ва электрни яхшилаш учун ишлатишга рухсат берилади.