Келгуси йил Самарқандда замонавий “Workout” спорт майдони барпо этилади

Бу ҳақда вилоят Матбуот уйида вилоят туризм ва спорт бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шуҳрат Рўзиев иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида айтилди.
Айни кунда вилоятимиз бўйича 82 километр саломатлик йўлаклари, 75 километр велосипед йўлакчалари мавжуд.
Шунингдек, 63 та мини футбол, 34 та бадминтон, 323 та “Workout”, 47 та стритбол майдончалари фойдаланишга топширилган.
Келгуси йилда Самарқанд шаҳрида намунавий тарзда барча қулайликларга эга “Workout” майдончаси барпо этилади.
Мавжуд спорт заллари ва майдончаларнинг фойдаланиш самарадорлиги 2020 йилда 8,6 соатни ташкил этган бўлса, шу йилда 12,8 соатга ошган.
Тадбир давомида йил давомида энг нуфузли бўлган Олимпиада ва Паралимпия ўйинларида самарқандлик спортчиларнинг ҳам муносиб иштирок этгани алоҳида тилга олинди.
- Олимпиадада 10 нафар вилоятимиз вакиллари спортнинг 6 та тури бўйича иштирок этиб, дзюдо тури бўйича Давлат Бобонов Самарқанд тарихида биринчи бор бронза медалини қўлга киритди, - деди Ш.Рўзиев. - Шунингдек, 4 нафар спортчимиз Паралимпия ўйинларида иштирок этгани, хусусан, параенгил атлетика бўйича Ҳусниддин Норбеков олтин медални, парадзюдо тури бўйича Парвина Самандарова кумуш медалини қўлга киритгани нафақат юртимиз спортини шон-шуҳратини оширди, балки самарқанд спорти саҳифасини ҳам янгилади.
Ҳусан Элтоев.