Кенгаш ҳам, депутатлар ҳам аввалгидек эмас
Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг олтмиш иккинчи сессияси бўлиб ўтди.
Сессияни Кенгаш раиси, вилоят ҳокими Э.Турдимов бошқарди.
Кун тартибига киритилган масалалар сессиядан олдин доимий комиссиялар ва маслаҳат гуруҳида кўриб чиқилаётгани сабабли бу гал ҳам дастлаб бир қатор масалалар бўйича Кенгашнинг қарорлари тасдиқлаб олинди.
Жумладан, вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги, давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйиш бўйича тақдимотни кўриб чиқиш ва тасдиқлаш тўғрисидаги, давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 22 январдаги “2022-2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 2023–2025 йилларда амалга ошириладиган ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси лойиҳалари ҳақидаги масалалар юзасидан қарорлар қабул қилинди.
Шундан сўнг Нарпай тумани ҳокими вазифасини бажарувчи Ш.Раҳмонов ва сектор раҳбарларининг туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш даражасини баҳолашнинг рейтинги кўрсаткичларига кўра туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолатини яхшилаш юзасидан амалий чора-тадбирлар дастурининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботи кўриб чиқилди.
Мазкур масала бундан аввалги сессия кун тартибига киритилган, аммо айрим сектор раҳбарлари йўқлиги сабабли кейинги сессияга қолдирилган эди.
Ҳисобот материаллари депутатларга тарқатилгани сабабли сектор раҳбарлари олдига аниқ саволлар қўйилди – сектор имкониятларидан фойдаланиб ҳудудда қанча йўл обод қилинди, электр энергияси, ичимлик суви таъминоти бўйича қанча аҳолининг муаммоси ҳал этилди, оилаларни камбағалликдан чиқариш ва уларнинг доимий даромад манбаига эга бўлиши учун қандай чора-тадбирлар кўрилмоқда, “дафтар”ларда рўйхатга олинган аҳоли билан ишлашда қандай тажриба мавжуд?
Афсуски, Нарпай тумани сектор раҳбарларининг ҳаммаси ҳам бу саволларга жавоб бера олмади. Депутатларни қизиқтирган кўп масалалар очиқ қолди.
– Биз сессияга тайёргарлик жараёнида туман масъулларидан секторлар кесимида аниқ ҳисобот билан келиш, биз, депутатлар олдига масала қўйишлари зарурлигини ва муаммоларга ечими юзасидан биргаликда фикрлашиб олишимизни айтган эдик, – деди депутат Ф.Тошев. – Аммо биз сектор раҳбарлари гапидан ўша тавсияларимизга амал қилинганини кўрмадик. Бу шунчаки келиб, икки варақ қоғозни ўқиб кетадиган мажлис эмас, Кенгаш олдидаги, демакки, халқ олдидаги ҳисобдорлик.
Депутатлар Нарпай туман секторлари ҳисоботини қайта эшитишга, секторлар фаолиятини туман Кенгаши депутатлари ва мутасадди идоралар вакиллари билан бирга ҳар бир маҳалла кесимида ўрганиб, ўрганиш натижалари асосида қўшма сессия ўтказишга қарор қилдилар.
Вилоят ҳокимлиги ижро-назорати гуруҳи раҳбари З.Раҳимовнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 февралдаги “Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси юзасидан ахбороти ҳам сессия муҳокамасига қайта қўйилди. Чунки, аввалги сессияда топшириқлар ижросини қайта назорат қилиш ва белгиланган вазифаларни кейинги сессиягача бажармаган масъулларга чора кўрилиши маълум қилинганди.
Ушбу танқидий муҳокамадан сўнг вилоят ҳокимлиги, бошқарма, ҳудудий ҳокимликлар томонидан тегишли чоралар кўрилиб, 15 та топшириқ ижроси таъминланди. Огоҳлантиришларга қарамасдан 3 та топшириқ ижросини ўз вақтида таъминламаган вилоят спорт бошқармаси бошлиғи, Қўшработ ва Каттақўрғон туманлари ҳокимлари ҳамда “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят кенгаши раҳбарига нисбатан интизомий чора кўриш белгиланди.
Вилоятда давлат бюджети ва маҳаллий бюджет даромадлари прогноз кўрсаткичларининг ижроси тўғрисида ҳисобот берган вилоят молия бош бошқармаси бошлиғи Б.Мирзаевнинг қайд этишича, жорий йилнинг биринчи чорагида умумий даромадлар прогноз режаси 822,9 миллиард сўмга белгиланган бўлиб, ҳақиқатда 931,6 миллиард сўмга бажарилган. Маҳаллий бюджет бўйича даромадлар прогнози режаси ҳам 703,6 миллиард сўм белгиланиб, амалда 790,7 миллиард сўмга ижро этилган.
Белгиланган прогноз кўрсаткичлари ортиғи билан бажарилган бўлса-да мавжуд имконият ва ресурсларни ҳисобга олган ҳолда солиқ тушумларини тартибга олиш зарурлиги таъкидланди. Жумладан, Самарқанд шаҳри, Ургут тумани, Жума ва Челак шаҳарчаларидаги савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, савдо марказларида ноқонуний фаолият кўрсатиш, солиқдан қочиш ҳолатлари борлиги қайд этилди. Вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғига мазкур тўрт ҳудуд бўйича бир ой муддатда тегишли чоралар кўриб, бу ҳақда Кенгашга ҳисобот бериш вазифаси топширилди.
Сессияда ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил этиш бўйича биринчи чорак якуни билан белгиланган вазифалар ижроси юзасидан ҳисобот берган вилоят бандлик бош бошқармаси бошлиғи Н.Сулаймоновга ушбу йўналишда очиш ва шаффоф тизимни йўлга қўйиш, ажратилаётган маблағлардан тўғри фойдаланилаётганини депутатлар билан биргаликда ўрганиш юзасидан тавсиялар берилди.
Кун тартибидаги вилоятда қурилиш соҳасида янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар бўйича вилоят қурилиш бош бошқармаси бошлиғи Л.Ҳамидовнинг ҳисоботи кейинги сессияларда эшитиладиган бўлди. Шу билан бирга қурилиш бошқармаси бошлиғига вилоятдаги ноқонуний қурилишларнинг олдини олиш, Самарқанд шаҳрида автомобиллар тўхташ жойлари ташкил этиш учун тавсиялар билдирилиб, бу борада амалга ошириладиган ишлар ҳақида Кенгашга ҳисобот бериш вазифаси юклатилди.
Умуман, бу галги сессияда ҳам аввалгилардан фарқли ўлароқ, мутасаддиларнинг ахборот ва ҳисоботлари шунчаки эшитилмади, ҳар бир масалага танқидий ёндашилди. Депутатлар ҳам нима учун қўл кўтараётгани, қандай қарорни тасдиқлаётганини англаган ҳолда сессияда фаол иштирок этди. Аслида ҳам Кенгашга, халқ вакилларига ана шундай ҳуқуқ ва ваколатлар берилган.