Кейинги тўрт йилда аҳоли ва қишлоқ хўжалиги рўйхатга олинади
Шу йил 4 март куни Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Унга кўра, жорий йил якунига қадар БМТнинг расмий статистика сифатини таъминлаш бўйича базавий принциплари миллий статистика тизимига жорий этилишини таъминлаш мақсад қилинган. - — Яъни, энди расмий ахборотларни тайёрловчилар томонидан тарқатиладиган статистика маълумотлари уларни ишлаб чиқишнинг намунавий модели (ГСБПМ) асосида шакллантирилади, - дейди вилоят статистика бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Фазлуллоҳ Эшонқулов. - БМТ томонидан тавсия этилган сифатни бошқариш бўйича қўлланмаларни тўлиқ жорий этиш доирасида зарур ташкилий чоралар кўрилади. Бунда расмий статистикани тайёрловчиларнинг ҳар бирида расмий статистикада сифат ва тарқатиш сиёсатлари ишлаб чиқилади. БМТ томонидан маъқулланган қўлланма (NQAF) асосида Миллий сифатни бошқариш қўлланмаси ишлаб чиқилади. Миллий статистика тизимини глобал баҳолашдан ўтказиш ташкил этилади ва натижалари эълон қилинади.
2025 йил 1 январдан статистика кузатувларини амалга ошириш жараёнига консалтинг компаниялари, олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот институтлари жалб этилади.
2024 йил якунига қадар «Статистика» интеграллашган ахборот тизими ва «Электрон ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси ўртасида электрон маълумотлар алмашинуви йўлга қўйилади.
Қарорга кўра, Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш 2025-2026 йилларда амалга оширилади. Статистика агентлиги 2024 йилда аҳолини рўйхатга олишни аҳолининг кенг оммасига тушунтириш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларида фойдаланиш учун видеоролик, баннер, флаер ва буклетлар тайёрлайди. 2021 йилда ўтказилган синов натижалари ва халқаро экспертларнинг тавсиялари асосида аҳолини рўйхатга олиш саволномалари шаклларини ўзгартиради. Халқаро тажриба ва экспертларнинг тавсиялари асосида «Аҳолини рўйхатга олиш» ахборот тизими такомиллаштирилади. «СТАТА» амалий дастурий пакети лицензиясини харид қилиш ва унда рўйхатга олиш натижаларининг чиқувчи жадваллари намуналарини шакллантириш белгиланди.
Қарор билан 2024-2025 йилларда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишга тайёргарлик кўриш ва уни амалга оширишга доир услубий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, 2025-2026 йилларда қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш юзасидан тарғибот-ташвиқот ишларини ташкил этиш, кўзда тутилган қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш ишлари 2027-2028 йилларда амалга оширилади.