Кейинги йил Самарқандда 11 мингдан ортиқ уй қурилади

2024 йилда вилоятда вилоятимизга инвестиция дастури доирасида 1 триллион 680 миллиард сўм маблағ ажратилган. Бу мағлағ ҳисобидан 312 та объектда қурилиш ишлари олиб борилган. Маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш дастурлари доирасида қўшимча 116 миллиард сўмга яқин маблағ ажратилиб, 300 дан ортиқ объект фойдаланишга топширилган.

Жумладан, 103 та мактаб, 26 та мактабгача таълим, 7 та тиббиёт муассасаси, 3 та спорт объекти қурилган. 1881 километр автомобиль йўли ва 17 та кўприк, 79 та иншооти, 262,7 километр ичимлик ва оқова сув тармоғи таъмирланган. 

Бу маълумотлар  вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бошқармаси томонидн ўтказилган матбуот анжуманида билдирилди.   

- Ажратилган маблағлардан самарали фойдаланиш ҳамда объектларни оптимизация қилиш мақсадида Президентимизнинг тегишли қарорлари асосида ташкил этилган штаб билан биргаликда объектлар лойиҳа ҳужжатлари кўриб чиқилди ва жорий йилда 141 миллиард сўм маблағ иқтисод қилинди, - дейди бошқарма бўлим бошлиғи Умар Исаев. – Ҳудудий штаб билан биргаликда аниқланган камчиликлар тўлиқ бартараф этилди.

Олдинги йилларда 7 мингтагача хонадонли уйлар топширилган бўлса 2024 йилда 10 мингтадан ортиқ уй-жой фойдаланишга топширилди ва кейинги йилда 11 мингта уй қуриш режалаштирилмоқда.

2024 йил 30 апрелдаги “2024 йилда ипотека кредитларини ажратиш механизмларини такомиллаштириш ва аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармонига асосан “Янги Ўзбекистон” массивлари сони 2 тага оширилди. Яъни Самарқанд шаҳар Қорасув массиви ва Тойлоқ тумани Чароғбон массивларида қурилиш-бунёдкорлик ишлари олиб бориш белгиланди.

Шунингдек, тадбирда бош режаси ишлаб чиқилган ҳудудлар ва dshk.uz портали орқали ҳар бир фуқаро ўзи яшаб турган ҳудудининг бош режасига асоан ўша ҳудудда қандай ўзгариш бўлишлигини кўриши тўғрисида маълумотлар берилди.

Тадбирда таъкидланишича, ҳозир вилоятимизда 2500 та кўп қаватли уй, 88352 та хонадон мавжуд. Вилоятда 48 та бошқарув сервис компаниялари ва 17 та ширкат уларга хизмат кўрсатади. Йил давомида БСКлар томонидан 543 та кўп квартирали уй таъмирланган, 2 та болалар майдончаси янги қурилган ва 24 таси жорий таъмирланган.

Ў.ХУДОЙБЕРДИЕВ.