Ким Чен Иннинг синглиси АҚШ қадамларига жавобан Тинч океанига ракета учиришни кучайтириш билан таҳдид қилди

Япония КХДРнинг ракета учирилиши сабабли БМТ Хавфсизлик кенгашининг фавқулодда йиғилишини сўради.

КХДР етакчисининг синглиси Ким Ё Чжон АҚШ ҳаракатларига жавобан Пхеньян жуда камдан-кам ҳолларда ракета учираётган Тинч океанига ракета учиришни фаоллаштириш билан таҳдид қилди. Унинг баёноти душанба куни ЦТАК ахборот агентлиги томонидан чоп этилган.

“Сўнгги пайтларда Корея ярим оролида Америка қўшинларининг стратегик зарба берувчи қуроллари ҳаракати фаоллашди”, — деди Корея Меҳнат партияси Марказий қўмитаси бўлим бошлиғи ўринбосари Ким Ё Чжон. Пхеньян уларнинг КХДР хавфсизлигига таъсирини диққат билан инобатга олади ва “тегишли жавоб чораларини” кўради, дея огоҳлантиради Ё Чжон.

"Тинч океанидан синов майдончамиз сифатида фойдаланишимиз даражаси АҚШ қўшинлари ҳаракатларининг табиатига боғлиқ", дея қўшимча қилди у ва Пхеньяннинг "вазиятни янада кучайтираётган фанатиклар"ни жавобгарликка тортиш иродаси қатъийлигига ишонтирди.

Ўтган йил КХДР томонидан ракета учирилиши бўйича рекорд йил бўлди: октябрь ойида учирилган сўнгги ракета Япония узра учиб ўтган ва Тинч океанига қулаган эди. Жами 37 марта учиришда 70 дан ортиқ ракета иштирок этган. Жорий йилда ҳам Шимолий Корея ракета синовларини фаол давом эттирмоқда.

Бугун эрталаб ҳам Пхеньян иккита баллистик ракета учиргани маълум бўлди. Япония Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, улар мос равишда 350 ва 400 километр масофани босиб ўтиб, Япониянинг эксклюзив иқтисодий зонаси ташқарисида Япон денгизига қулаган. Дастлаб Япония қирғоқ қўриқлаш хизмати уч марта ракета учирилиши ҳақида огоҳлантириш берган.

Япония Бош вазири, шунингдек, ҳам АҚШ билан икки томонлама, ҳам Жанубий Корея иштирокидаги уч томонлама форматда яқин ҳамкорлик қилиш зарурлигини билдирган.