Ким, қанча сув солиғини тўлайди?

Ўзбекистон Республикасининг “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонуни билан сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари белгиланган.

Қайд этиш лозимки, солиқнинг ушбу тури ер усти ва ер ости сув ресурсларидан фойдаланганлик учун тўланади. Ер усти сув ресурсининг 1 куб метри учун иқтисодиётнинг барча тармоқларидаги корхоналар, деҳқон хўжаликлари (юридик ва жисмоний шахслар), тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда сув ресурсларидан фойдаланадиган жисмоний шахслар 140 сўм, саноат корхоналари 410 сўм, автотранспорт воситаларини ювишга ихтисослашган корхоналар 1380 сўм, электр станциялари 35 сўм, коммунал хизмат кўрсатиш корхоналари 70 сўм, пиво ва винодан ташқари алкоголь маҳсулот ва алкоголсиз ичимликлар ишлаб чиқарувчи корхоналар 21900 сўм (пиво ва винодан ташқари алкоголь маҳсулотлар ва алкоголсиз ичимликларни ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган сув ҳажми бўйича) ва 410 сўм (бошқа мақсадларда) тўлайди.

Ер ости сув ресурсининг 1 куб метри учун иқтисодиётнинг барча тармоқларидаги корхоналар, деҳқон хўжаликлари (юридик ва жисмоний шахслар), тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда сув ресурсларидан фойдаланадиган жисмоний шахслар 170 сўм, саноат корхоналари 490 сўм, автотранспорт воситаларини ювишга ихтисослашган корхоналар 1730 сўм, электр станциялари 60 сўм, коммунал хизмат кўрсатиш корхоналари 90 сўм, пиво ва винодан ташқари, алкоголь маҳсулот ва алкоголсиз ичимликлар ишлаб чиқарувчи корхоналар 21900 сўм (пиво ва винодан ташқари, алкоголь маҳсулотлари ва алкоголсиз ичимликларни ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган сув ҳажми бўйича) ва 490 сўм (бошқа мақсадларда) тўлаши белгиланган.

Умид АЛИМОВ,

Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати ходими.