Тест синовлари қай даражада соддалаштирилади?
2020 йилдан кириш имтиҳонлари жами 5 та – учта мажбурий ва иккита мутахассислик фани бўйича ўтказилиши белгиланган эди. Лекин карантин шароити ёшларнинг имтиҳонга тўла тайёргарлик кўриш имкониятини ҳам чеклади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 30 апрель куни жорий ўқув йилини сифатли якунлаш, битирув ва кириш имтиҳонларини ташкил этиш масалалари муҳокамасига бағишланган йиғилишида жорий йилда имтиҳонларни соддароқ шаклда ўтказиш бўйича масъулларга топшириқлар берилган эди.
Бугунги пандемия шароитида бу йилги ОТМларга кириш тест синовларидаги фанларни қисқартириш, тест топшириқларини соддалаштириш бўйича қатор янгиликлар киритилмоқда.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, тест топшириқларини соддалаштириш деганда бакалавриат қабул имтиҳонларида фақат содда тестлардан фойдаланилади, деб тушунмаслик керак.
Умумтаълим фанларидан тест топшириқлари 3 та қийинлик даражасида шакллантирилади. Бунда биринчи қийинлик даражасидаги тест топшириқлар ишланиши, бажарилиши осон бўлган тест топшириқлари ҳисобланади. Aввалги йилларда ўтказилган тест синовларида фанлардан 6 тагача биринчи қийинлик даражасидаги тест топшириқлари берилар эди. Жорий йилда эса ҳар бир вариантда қўлланиладиган биринчи қийинлик даражасидаги тест топшириқлари сони ўртача 10 тагача етказилмоқда.
Абитуриентлар тест топшириқларини мантиқий фикрлаб, тезда тушунишлари учун жорий йилда тарих, география фанлари каби чет тили (инглиз, немис, француз) фанларидан ҳам расмли тест топшириқлари шакллантирилмоқда.
Бундан ташқари, биология ва кимё фанларидан расмли тест топшириқлари сони кўпайтирилмоқда.
Она тили (ўзбек, рус, қорақалпоқ) ва адабиёт фанидан мустақил ўқиш учун тавсия қилинган бадиий асарлардан тест топшириқлари сони кўпайтирилиб, абитуриентларнинг мантиқий фикрлашини ривожлантириш мақсадида матнли тестлар, яъни матн устида ишлаш билан боғлиқ бўлган тест топшириқлари тузилмоқда.
Матнли тест топшириқларида матн таркибидаги сўзларнинг тўғри қўлланганлигини ва гапларнинг тўғри шакллантирилганлигини аниқлаш, матндаги сўзларнинг маъноларини топиш ва матннинг асосий мазмунини тушуниш талаб этилади.
Тест топшириқлари таркибида назарий тест топшириқлари сони оширилмоқда. Жумладан, кимё фанидан назарий тест топшириқлар сони оширилади ва лаборатория ишларига оид тест топшириқлари яратилмоқда. Физика фанидан ҳам назарий тест топшириқлар сони оширилган ҳолда биринчи қийинлик даражасидаги тест топшириқлари сони 6 тадан 10 тагача кўпайтирилмоқда.
Шунингдек, абитуриентларга қулайлик яратиш мақсадида “Доимий физик катталиклар жадвали” ишлаб чиқилди ва у “Кимёвий элементлар даврий системаси” каби тест синови топшириш жараёнида абитуриентларга тақдим этилади.
Шу билан бирга, абитуриентларни қийнаб қўймаслик мақсадида фақат 2020-2021 ўқув йили учун истисно тариқасида қабул тест синовлари мажбурий фанларсиз, 2 та мутахассислик фанларидан ўтказилиши режалаштирилмоқда. Ушбу 2 та мутахассислик фанлари Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг 2019 йил 19 декабрдаги 11-сон баёни билан тасдиқланиб, кенг жамоатчиликка эълон қилинган эди.
Мазкур ўқув йилида тест синовлари ўтказиладиган биноларда кўпи билан 650-700 тагача ўрин тайёрланади, ҳар бир абитуриент учун камида 3 квадрат метр жой ажратилади, санитария-гигиена талабларига биноан, уларда бир марталик тиббий ниқоб ва резина қўлқоп билан тестда иштирок этиши таъминланади.
Ҳар бир абитуриентнинг тана ҳарорати ўлчангач, бинога киритилади. Бинолар камида 4 маротаба дезинфекция қилинади. Буларнинг барчаси тест топширувчилар, гуруҳ назоратчилари ва жараёнга жалб этилган бошқа шахсларнинг саломатлигини ҳимоялаш мақсадида амалга оширилади.
Юқоридагиларнинг барчаси пандемия даврида Давлат тест маркази томонидан абитуриентлар учун қулайлик ва енгиллик яратиш мақсадида амалга оширилмоқда.
В.СИРЛИБОЕВ,
Давлат тест маркази Самарқанд вилояти бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи.