Китоблар камолотга етаклайди

Китоб ақл ва тафаккур маҳсули. У барча замонларда ақл ва маънавият чироғи сифатида улуғланиб келинган. Китобга бўлган меҳр-муҳаббат инсонга болаликдан шакллантирилиши керак. Шунинг учун ҳам барча халқлар болалар учун турли қизиқарли китоблар нашр этади. Ҳатто ҳар йили 2 апрелни Халқаро болалар китоблари куни сифатида нишонлаб келади.

1967 йилдан бери мазкур сана Халқаро болалар китоблари куни сифатида байрам қилинади. Болаларнинг севимли ёзувчиси Ханц Кристян Андерсан шу кунда дунёга келган. Шунинг учун ҳам Халқаро болалар китоблари кенгаши томонидан 2 апрелни болалар китоблари куни сифатида нишонлашга келишилган.

Самарқанд вилоят болалар кутубхонасида мазкур сана муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда болалар томонидан шеър, қўшиқ ва ашулалар ижро этилди. Шунингдек, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими раҳбари, шоир Тошпўлат Тугаловнинг “Сурур” ва “Умр карвони” китобларининг тақдимоти ўтказилди. Ёш китобхонларга ушбу асарларнинг мазмуни тушунтирилди.

Албатта, бундай маданий-маънавий тадбирлар келажагимиз эгалари бўлган ёшларимизнинг болалар ва жаҳон адабиётига қизиқиши ва меҳрини оширади. Уларнинг тафаккур ва дунёқарашининг кенгайишига ёрдам беради.

А.АШУРОВ.