Китобхонларга самарқандлик ижодкорларнинг сара асарлари тақдим этилди
Самарқанд вилоят A.Пушкин номидаги ахборот-кутубхона марказида вилоят ҳокимлиги кўмагида босилган “Самарқанд мушоираси” ҳамда “Зарафшон” газетаси кутубхонаси” туркуми остида чоп этилган “Зарафшон”нинг Беҳбудийси”, “Шоир юраги”, “Юрак гавҳари” китоблари тақдимоти бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокимлиги, вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимлари ҳамкорлигида ташкил этилган адабий учрашувда ушбу китобларнинг аҳамияти, муаллиф ва шоирларнинг Ватанга, юртга, сўзга, адабиётга, шеъриятга, яқинларига, дўст-биродарларига бўлган муҳаббати, соғинчини ифодалгани ва инсон ҳаётида илм-маърифатнинг тутган ўрни ҳақида гапирди.
Жумладан, “Зарафшон”нинг Беҳбудийси” китобида буюк маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ўзи томонидан таъсис этилган “Зарафшон” газетасида чоп этилган мақолалар ўрин олган бўлса, “Шоир юраги” шеърлар, таржималар ва хотиралар китобида ўтган асрнинг 70-йилларида Самарқанд адабий муҳити пешқадамларидан бўлган шоир ва журналист Суръат Ориповнинг шеър, ғазал ва таржималари жой олган.
“Юрак гавҳари” китобида самарқандлик қаламкаш – матбуотда узоқ йиллар фаолият кўрсатган фидойи журналист, серқирра ижодкор Эркин Азаматовнинг ўзига хос ижод йўл акс этган. “Самарқанд мушоираси” китобида эса самарқандлик бир гуруҳ ёшларнинг баёзи чоп этилган. Ҳар бир китоб ўзига хос ва ўз ўқувчисига эга.
Учрашувда китоб муаллифларининг фарзандлари, шунингдек, ижодкорлар иштирок этди.
Тўлқин Сиддиқов,
Бахтиёр Мустанов (фото).