Кластер, тадбиркорлик, тиббиёт. Бу соҳаларда Нарпайда нималар ўзгарди?

Нарпай туманидаги “Мароқанд сифат” масъулияти чекланган жамиятида пахтани қайта ишлаш, хомашёдан тайёр маҳсулотгача бўлган жараёнлар, туманда янги ташкил этилган субъектлар фаолияти билан танишиш мақсадида пресс-тур ташкил этилди.

Дастлаб журналист ва блогерлар “Мароқанд сифат” кластер корхонасида пахтани етиштириш, қабул қилиш, сифатни баҳолаш, қайта ишлаш жараёнлари, хомашёдан маҳсулот олишгача бўлган жараёнлар билан танишди.

Мазкур корхонада эски пахта заводдан қолган маънан эскирган ва халқаро сифатларга жавоб бермай қолган технологиялар босқичма-босқич замонавийларига алмаштирилмоқда. Ҳозиргача туманда кластер корхонаси қарийб 3 минг гектар майдонга томчилатиб суғориш технологияси жорий этилган. Бу, табиийки, ҳосилдорликни оширишда, қолаверса, аграр соҳадаги сув танқислигини юмшатишда самарали ҳисобланади. Корхоналарда пахта хомашёси қайта ишланиб, ёғ олиш, чорва озуқаси тайёрлаш, толадан 25 хил ўлчамдаги ип-калава олинмоқда. Ҳозирда кластер корхоналарида мингдан ортиқ доимий иш ўрни яратилган бўлса, йил якунигача фаолият юритиши режалаштирилган чорвачилик комплексида ҳам ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлаш мақсад қилинган.

Кейинги манзилимиз туманда яқинда фаолият бошлаган “HOTEL ZIRABULOQ SERVIS” масълияти чекланган жамияти бўлди. Тадбиркор Ғулом Аҳадов 6 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 22 ўринли меҳмонхона ташкил этган. Бу ерда алоҳида савдо дўконлари, ресторан ҳам очилган. Кейинчалик юқори қаватдан “Hostel” қилиш ҳам режалаштирилган.

Шунингдек, туманда тибий хизмат сифатини ошириш борасида ҳам талай ишлар амалга оширилган. Тадбиркор Баҳриддин Турдиев 1,7 миллиард сўм маблағ ҳисобидан замонавий тиббий ташхис марказини ишга туширди. Бу эса туман аҳолиси ва қўшни туманларнинг ҳам вилоят марказига келишларининг олдини олишга хизмат қилади.

- Туманимизда тиббий хизмат сифатини яхшилаш, аҳоли саломатлигини асрашга алоҳида эътибор қаратяпмиз, - дейли туман ҳокими Шерзод Раҳмонов. – Наврўз байрамида иккита замонавий тиббий марказ очилган бўлса, тез орада улар сони 5 тага етади. Мазкур тиббиёт марказида 125 хил таҳлил олинади ва Венгрия давлатидан келтирилган энг сўнгги ускуналар ёрдамида касалликка аниқ ташхис қўйиш ва уни олдини олиш борасида тиббий муолажалар олиб борилади. Йил якунигача 100 ўринли стационар ҳам фаолият бошлайди. Туманимизда тиббиёт сифатини яхшилаш учун вилоятдан энг малакали мутахассисларни ҳам жалб этяпмиз.

Туманда тиббиётни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, янги фаолият бошлаган “Доктор Даминов” тиббиёт маркази ҳам туман аҳолисига сифатли стоматология, кардиология, эндокринология хизматларини  кўрсатмоқда.

Асосийси, туманда тиббий хизмат сифати ошади, аҳоли соғлиғини тиклаш учун 100 километрдан ортиқ йўл босиб вилоят марказига боришига эҳтиёж қолмайди. Қолаверса, тиббиёт соҳасида ҳалол рақобат юзага келади.

Ўктам Худойбердиев,

Б.Мустанов (фото).