Кўчма савдо объектлари ташкил этган ёшларга солиқ имтиёзи берилади

Бу борада Солиқ кодексининг 483-моддасига ўзгартириш киритилди.

- Унга кўра, магистрал автомобиль йўллари бўйида кўчма савдо объектларини ташкил этган ёшлар (30 ёшдан ошмаган шахслар) фаолиятини амалга ошириш бошланган санадан эътиборан дастлабки 6 ойда товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромадлар бўйича солиқларни тўлашдан 2028 йил 1 январга қадар озод этилади, - дейди вилоят солиқ бошқармаси давлат солиқ бош инспектори Бекзод Солиев. - Эҳтиёжманд оила аъзоларини ишга қабул қилган тадбиркорларга солиқ имтиёзи берилади.

Солиқ кодексининг 483-моддасига киритилган яна бир ўзгаришга кўра, меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 1,5 бараваридан кам бўлмаган ойлик иш ҳақи тўланган ҳолда камбағал оила аъзоларини ишга қабул қилган тадбиркорлик субъектлари камбағал оила аъзолари бўлган меҳнатига ҳақ тўлашга доир харажатлари бўйича ижтимоий солиқни 2025 йил 1 январдан 2028 йил 1 январга қадар 1 фоиз (амалда 12 фоиз) миқдорда тўлайди.

Президентимизнинг 2024 йил 20 декабрда “Ҳудудларда юқори иқтисодий ўсиш ва аҳоли бандлигини таъминлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш ҳамда бу борада маҳаллий ҳокимликларнинг роли ва масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига кўра, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига қуйидаги молиявий имконият ва ваколатлар берилади:

2025 йил 1 январдан айланмадан олинадиган солиқ, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ, юридик шахслардан олинадиган ер солиғи, давлат активларини ижарага беришдан тушумларни тўлиқ ҳажмда ҳамда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тушумларининг камида 50 фоиз қисмини туман (шаҳар)лар бюджетига ўтказиш;

маҳаллий давлат ҳокимияти органларига тегишли бўлган акциялар (улушлар)ни сотишдан тушган маблағларнинг 90 фоизи Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетига, вилоятларнинг вилоят бюджетига ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетига ҳамда объект жойлашган туман (шаҳар) бюджетига тенг улушларда тақсимланади.