Кофирқалъадан топилган панно илк бор намойиш этилди
Бугун Самарқанд давлат музей-қўриқхонасида «Ўзбекистон воҳа хазиналари. Карвон йўллари чорраҳасида» номли кўргазма ташкил этилди.
2022-2023 йилларда Франциянинг Лувр музейида Ўзбекистон тарихининг турли даврларига оид 169 дона экспонат намойиш қилинган эди. Уларнинг аксарияти Самарқанд музей фондларига тегишли. Ашёларнинг барчасини намойиш этиш имкони йўқлиги сабабли, уларнинг 48 таси экспозицияга қўйилган. Ташкилот фондига тегишли «Саклар дубулғаси» ҳамда «Исириқдон» жорий йилнинг апрель ойидан бошлаб Берлиндаги Жеймс Симон галереясида ва Янги музейда намойиш қилинмоқда.
«Элчилар зали деворий сурати парчаси» Афросиёб музейида ўз жойига ўрнатилган. Ўзбекистоннинг бошқа фондларидан олиб борилган ашёларнинг аналоглари имкон қадар музей-қўриқхона фондидан, 2 дона ашё эса Самарқанд археология институти фондидан олинган. Кўргазмада томошабинларга ушбу экспонатлар намойиш этилмоқда.
Шунингдек, кўргазмада Кофирқалъадан топилган панно биринчи марта намойиш этилди.
- Кўргазма 3 бўлимдан иборат, - дейди «Самарқанд» музей-қўриқхонаси бош муҳофизи Маҳмудхон Юнусов. – Биринчи бўлим Суғд маданияти, иккинчиси IX-XII асрлар даври маданияти ва санъати, учbнчиси эса Темурийлар даври маданияти ва санъати деб номланди. Ўзбекистон Буюк ипак йўлининг қоқ марказида жойлашганлиги сабаб ҳудудда дунё халқлари томонидан маданий соҳада узоқ тарихий давр мобайнида яратилган энг сара ютуқларни ўзида жамлаган маданият шаклланди. Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейи «маданият тарихи» профилига эга бўлганлигини ҳисобга олсак, Буюк ипак йўлида юзага келган ва бир нуқтада жамланган симбиоз маданиятнинг бизгача етиб келган энг нодир намуналарини бир жойга жамлаш ва намойиш этиш нақадар муҳимлиги ойдинлашади.
Таъкидлаш жоизки, хорижий давлатларда ташкил этилган юртимиз тарихи ва маданиятига доир барча кўргазмаларга томошабинларнинг қизиқиши юқори. Жумладан, Хитойда Осиё ўйинлари муносабати билан намойиш қилинган кўргазма ҳам таассуротларга бой бўлди. Фаолиятим давомида Ўрта Осиё тарихий маданиятининг «юраги» мамлакатимиз эканлигига кўп бор ишонч ҳосил қилдим. Сабаби, энг сара намуналар айнан бизнинг ҳудуддан топиб ўрганилган.
Кўргазмада музейшунос олимлар, соҳа мутахассислари, ОАВ вакиллари ҳамда тарих ихлосмандлари иштирок этди.
Жасурбек ШУКУРОВ.