Конституцияга таклифим бор: “Миранда қоидаси” Асосий қонунимизга киритилса...
Аслида бу қоида шахсни ушлаш чоғида унинг ҳуқуқлари ва нима сабабдан ушлангани содда тилда тушунтирилишини англатади.
Шу боис, у халқаро қоидани Асосий қонунимизда мустаҳкамлашни тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Бу гумонланувчи ёки айбланувчи ўз ҳуқуқларини билмаган ҳолда ўз айбига иқрорлик тўғрисида кўрсатма беришга терговчи ва прокурорлар томонидан мажбурланишининг олдини олади.
“Сиз сукут сақлаш ҳуқуқига эгасиз. Сиз айтганларнинг ҳаммаси судда ўзингизга қарши фойдаланилиши мумкин” – бу сўзлар биз учун тергов жараёнлари тасвирланган кўплаб кино ва сериаллар орқали маълум. Конституциямизга “Миранда қоидаси” киритилиши жиноят гумонланувчининг “бўйнига илиниши” ўрнига, иш ҳар томонлама холисона ва адолатли тергов қилинишига хизмат қилади.
Бундан ташқари, “шахс суднинг қарорига қадар кўпи билан қирқ саккиз соатдан ортиқ ушлаб турилиши мумкин эмас. Агар суд томонидан шахсни ҳибсга олиш ёки унга нисбатан бошқача турдаги озодликни чеклаш ҳақида қарор белгиланган муддатда қабул қилинмаса, бундай шахсни дарҳол озод қилиш керак”, деган нормани ҳам Асосий қонунда акс эттиришимиз зарур.
Бундай қоида Бош қомусимизда ўз аксини топиши шахснинг эркин ҳаракатланишга бўлган ҳуқуқининг конституциявий кафолати бўлиб хизмат қилади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам шахсни суд қарорисиз 2 суткадан ортиқ ушлаб туриш мумкин эмаслигини Конституцияда белгилаш шахсий эркинлик дахлсизлигини англатади.
Фикримча, “Озодликдан маҳрум этилган барча шахсларга нисбатан инсоний муносабат ва уларнинг қадр-қиммати таъминланиши шарт”, деган норма ҳам Асосий қонунда ўз аксини топиши керак.
Конституциявий ислоҳотлар даврида бундай қоида Асосий қонунимизда белгиланиши маҳкумларни қийноққа солиш ва бошқа ғайриинсоний турдаги муносабатдан ҳимоя қилинишининг ҳуқуқий гарови бўлишига ишончим комил.
Алишер Мардиев,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист.