Конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасида

Жорий йилнинг 25 июнидан мамлакатимизда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси бошланди.

Айни пайтда оммавий ахборот воситаларида ва ижтимоий тармоқларда, жойларда ўтказилаётган учрашувларда мазкур қонун лойиҳаси юзасидан аҳоли ўз муносабатини билдирмоқда. Депутат ва сенаторлар, сиёсатшунослар ва олимлар томонидан кенг аҳоли қатлами иштирокида тадбирлар ташкил этилиб, конституцияга киритилаётган ўзгаришлар моҳияти тушунтирилмоқда.

Жомбой тумани ҳокимлигида ўтказилган шундай учрашувда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шуҳрат Абдуҳалимов иштирок этиб, конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан амалга оширилган ишлар, конституциявий қонун лойиҳасининг ишлаб чиқиш жараёнлари ҳақида маълумот берди.

Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида белгиланган кенг кўламли вазифалар, халқпарвар давлатни барпо этиш, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини янада самарали таъминлаш каби мақсадлар мамлакатимиздаги туб ислоҳотларга мос янги конституциявий-ҳуқуқий маконни яратиш заруратини юзага келтиргани таъкидланди.

– Халқимиз томонидан берилган таклифлар, шунингдек давлатимиз раҳбарининг Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда “инсоннинг қадр-қиммати, шаъни ва ғурури бундан буён барча соҳаларда биринчи ўринда туриши керак” деган тамойил асосида берилган таклифлардан келиб чиқиб “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонуни лойиҳаси тайёрланди, – деди Ш.Абдуҳалимов. – Унда Конституциямизнинг 60 дан ортиқ моддасига 200 дан кўпроқ тузатишлар назарда тутилган. Бу ўзгартишлар “инсон-жамият-давлат” принципига асосланган бўлиб, миллий конституциявий ўзликни акс эттиради ва амалдаги Конституциямизнинг барча бўлимларига туб ўзгартишлар киритишни назарда тутади.

Конституциявий тузатишлар, авваламбор, жамиятнинг турли ижтимоий қатламларига мансуб бўлган фуқароларнинг шахсий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, маданий ва экологик ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини таъминлашга, ҳимоя қилишга қаратилган тўғридан-тўғри ишлайдиган нормаларга айланади.

Учрашувда Конституциямизнинг ҳар бўлимига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар, бунинг зарурати ва аҳамияти ҳақида батафсил сўз юритилди.

Депутат иштирокидаги шу каби учрашув Булунғур туманида ҳам ўтказилди.