Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси якунлари ҳақида маълумот айтилди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун брифинг ўтказилди. Унда Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси якунлари тўғрисида ахборот берилди.
Маълумотларда келтирилишича, 30 июль ҳолатига кўра, жами 117 минг 357 та таклиф қабул қилинган. Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамасида келиб тушган 150 мингдан ортиқ таклифлар ташаббускорларининг 56 фоизини эркаклар, 40 фоизини аёллар иашкил этган, 4 фоизининг шахси очиқланмаган.
Таклифларнинг 67 фоизини 30 ёшгача бўлган ёшлар тақдим этган. Таклиф муаллифларининг энг кичиги 15 ёшни ва энг ёши улуғи 95 ёшни ташкил этмоқда.
Ҳудудлар кесимида таклифларнинг энг кўпи:
- Тошкент вилоятидан — 13,6 фоиз (20 587 таси);
- Тошкент шаҳридан — 12,5 фоиз (18 933 таси);
- Андижон вилоятидан — 9,3 фоиз (14 020 таси);
- Хоразм вилоятидан — 8,5 фоиз (12 803 таси)
- Самарқанд вилоятидан — 7,7 фоиз (11 601 таси);
- Фарғона вилоятидан — 7,1 фоиз (10 711 таси) келиб тушган.
Конституциявий қонун лойиҳаси 7 турдаги экспертизадан ўтказилди:
- Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атамалар комиссияси (лингвистик экспертиза)
- Қонунчилик палатаси юридик бошқармаси (ҳуқуқий экспертиза);
- Адлия вазирлиги (дастлабки тарздаги ҳуқуқий экспертиза);
- Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича Республика комиссияси (гендер-ҳуқуқий экспертиза);
- Коррупцияга қарши курашиш агентлиги (коррупцияга қарши экспертиза);
- Савдо-саноат палатаси (жамоатчилик экспертизаси);
- Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ (инсон ҳуқуқлари бўйича нормаларга мувофиқлиги).