Кўп квартирали уйларнинг умумий мулки ҳудудида қўшимча объект қуриш тақиқланади
Яқинда “Кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш ва бошқарувчи ташкилотларни молиявий соғломлаштириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
Қарор билан 2022 йил 1 сентябргача муаммоли кредит қарзи бор уй-жой мулкдорлари ширкатининг бошқарув усулини ўзгартириш бўйича умумий йиғилиш қарори қабул қилинса, улар давлат томонидан қўллаб-қувватланади.
Бунда:
- муаммоли банк кредитлари бор ширкатлар банкнинг хулосаси олинган тақдирда тугатилиши мумкин;
- тугатилган ёки бошқариш усули ўзгартирилган ширкатлар бошқарувидаги кўп квартирали уйларни бошқариш учун, қоида тариқасида, рейтинги юқори бўлган бошқарувчи ташкилотлар жалб қилинади;
- Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги жалб қилинган бошқарувчи ташкилот фаолиятини, хизматлар сифатини 6 ой мониторинг қилади ва кўп квартирали уйларни бошқариш фаолиятини амалга ошириш қоидаларига риоя қилмаган бошқарувчи ташкилотларга чораларни қўллайди.
2022 йил 1 ноябрдан:
- кўп квартирали уйларни бошқариш органлари бошқарув фаолиятини, улар электрон реестрга киритилгандан сўнг амалга оширади;
- уйларни қуриш лойиҳа ҳужжатларида, кадастр паспортида умумий фойдаланишдаги мулк рўйхати аниқ кўрсатилади;
- қурилиши тугалланган кўп квартирали уйларга рухсатнома берилганидан сўнг лойиҳа ҳужжатлари, кадастр паспорти ва мазкур рухсатномага умумий мол-мулкни камайтириш ва туташ ерда қўшимча объект қуриш учун ўзгартириш киритиш тақиқланади.