Кўп қаватли уйлар бошқарув тизими ўзгарди

Кўп қаватли тураржой биноларига сифатли, самарали хизмат кўрсатиш ҳар доим долзарб масала бўлиб келган. Шу боис, бугунги кунда мазкур соҳага бўлган талаб ва эътибор кучайиб бормоқда. Аҳоли томонидан ушбу масалага оид саволлар кўп.

Самарқанд вилояти уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида соҳадаги янгилик ва ўзгаришлар, мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

– Бугунги кунда вилоятимизда 2088 та кўп қаватли уй мавжуд, – дейди Самарқанд вилояти уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи Б.Негматов. – 2 қаватдан 16 қаватгача бўлган бу уй-жойларни сақлаш ва улардан самарали фойдаланиш, аҳолига сифатли коммунал хизмат кўрсатиш мақсадида зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Бу йилги куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида 82 та уйнинг 28,6 минг квадрат метр том қисми капитал ва жорий таъмирланди. 119 та уйнинг кириш йўлаклари, 53 тасининг ертўласи, 34 тасининг ички муҳандислик тармоқлари, 84 тасининг ташқи томони таъмирланиб, аҳоли учун қулайлик яратилди. Маҳаллий бюджетдан ажратилган маблағлар ҳисобидан кўп қаватли уйлардаги 27 та лифт алмаштирилди. 10 та лифт ускуналарини таъмирлаш ишлари якунига етмоқда. Кўп қаватли уйлар атрофини ободонлаштириш борасида амалга оширилган ишлар давомида 8 минг квадрат метр пиёдалар йўлакларига бетон қопламаси ётқизилди, 14 та болалар майдончаси ташкил этилди.

Айни пайтда Самарқанд шаҳридаги кўп қаватли уйларни иситиш ва иссиқ сув етказиб бериш масаласи олдимизда турган энг катта вазифалардан бири ҳисобланади. Жаҳон банки томонидан молиялаштирилган лойиҳа асосида қозонхоналарни модернизация қилиш ишлари давом этмоқда. Яқин кунларда марказий қозонхонадаги ишлар якунига етказилиб, шаҳарнинг бир қисм аҳолисига иссиқ сув етказиб бериш бошланади. Кейинги йилларда бу борадаги муаммоларга тўлиқ барҳам берилади. 

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 19 июндаги “Кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига кўра, шу пайтгача вилоятдаги кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатиб келган 177 та уй-жой мулкдорлари ширкати тугатилиб, 29 та бошқарув сервис компанияси ташкил этилди. Жумладан, Самарқанд шаҳрида 10 та, Каттақўрғон шаҳрида 5 та, туманларда эса биттадан бошқарув сервис компаниялари фаолияти йўлга қўйилди.

Матбуот анжуманидан сўнг оммавий ахборот воситалари вакиллари Самарқанд шаҳридаги “Bio-tex-servis” бошқарув сервис компанияси фаолияти билан танишди.

– Компаниямиз 515 та кўп қаватли уйнинг 21 минг 700 дан ортиқ ходанонига хизмат кўрсатмоқда, – дейди “Bio-tex-servis” бошқарув сервис компанияси раҳбари Азизхон Расулов. – Албатта, ишни бошлаш осон кечмаяпти. Жорий йилнинг август ойидан фаолиятимизни бошлаган бўлсак, бугунги кунгача ҳам ташкилий масалалар билан боғлиқ айрим муаммолар учрамоқда. Айниқса, тўловлар борасидаги чалкашликлар билан масалалар энг оғриқли муаммо бўлиб турибди. Ушбу масалаларнинг ўзи ҳам соҳада сифатли бошқарув тизими зарурлигини кўрсатмоқда. Айни пайтда компанияда 24 соатлик диспетчерлик хизмати жорий қилинган бўлиб, 128 нафар ходим томонидан аҳолига сифатли хизмат кўрсатилмоқда. Тушган мурожаатларнинг енгил ёки мураккаблигига қараб қисқа фурсатларда, 18 соатдан ошмаган ҳолда муаммолар ҳал этилмоқда. Биз ҳудудларда тугатилган ширкатларда фаолият юритган ишчи-ходимларни ишга қабул қилган ҳолда фаолиятни давом эттиряпмиз. Чунки улар ҳудудни яхши билади, аҳоли ҳам уларни танийди.

“Бошқарув сервис компанияси ширкатдан нимаси билан фарқ қилади?” деган савол туғилиши табиий. А.Расуловнинг қайд этишича, компанияда  ширкатдаги каби чилангар, электрмонтёр ва фаррошларгина эмас, балки 48 та йўналиш бўйича хизмат кўрсатувчи мутахассислар фаолият олиб боради. Бунда асосий фаолият турларидан ташқари, уй-жой эгаларида зарурат туғиладиган қурилиш-таъмирлаш билан боғлиқ хизматлар бўйича арзон ва сифатли хизмат кўрсатиш йўлга қўйилади. Бундан ташқари, кейинчалик талаб ва таклифни ўрганган ҳолда маиший хизмат кўрсатиш турлари ҳам йўлга қўйилиши кўзда тутилган.

Бошқарув сервис компанияси маъулларининг маълумотига кўра, тизимдаги бадал тўловларини тўлиқ онлайн тизимга ўтказиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Алишер Исроилов.