Корея Республикасидан мамлакатимизга инсонпарварлик ёрдами  жўнатилди

26 апрель куни “Uzbekistan Airways” авиакомпаниясининг чартер рейси орқали умумий оғирлиги 6,2 тонна бўлган юқори технологик тиббий асбоб-ускуналар, автомат механизмли тиббий каравот ва ПЦР диагностика тест тизимларидан иборат юкнинг биринчи қисми мамлакатимизга олиб келинди. Бу ҳақда  “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.

Олиб келинган қимматли юк таркибига ҳамкор Жанубий Корея ҳукумати молиявий кўмагида харид қилинган 20 мингта тест тизими, шунингдек, мамлакат тадбиркорлари томонидан тақдим қилинган 50 та автоматик бошқариладиган кўп функцияли тиббий каравот, 4 мингта махсус тиббий ҳимоя кийими, 10 минг жуфт стерилланган қўлқоп, 10 та кўп функцияли монитор киритилган. Бундан ташқари, ультратовуш тадқиқоти (УТТ) учун зарур жиҳозлар, кардиомониторлар, шприцлар учун ишлатиладиган инфузион насослар, ҳавони тозалаш аппарати ҳам бор.

Инсонпарварлик ёрдами Жанубий Корея ҳукумати, Шинхан университети ва мамлакатнинг “Evergreen Motors”, “Shindong Resources”, “Hanshin E&C”, “Chung Hospital”, “Union Korea Pharm”, “BOMI E&C”, “GM Korea”, “UNICO Logostics”, “Century”, “Baraka Holding”, “Tashkent Trade Center”, “Hyundai Engineering” каби компаниялари, тиббий муассасалари, савдо марказлари ва юртимизда фаолият юритаётган фирмалари томонидан тақдим этилди.

Олиб келинган тиббий анжом ва воситалар мамлакатимизда карантин тадбирларини ташкил этиш, касалликларни аниқлаш ва даволаш, реабилитация тадбирларини амалга оширишда қўлланилади.

Инсонпарварлик ёрдамининг қолган қисми навбатдаги юк чартер рейси билан мамлакатимизга олиб келинади.

Шунингдек, Covid-19 билан боғлиқ вазиятни назоратга олиш бўйича амалга оширилаётган ишларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Корея Республикасидан навбатдаги малакали мутахассис ҳам махсус рейс билан Тошкентга етиб келди.

Ҳамкасби билан ўрин алмашган тажрибали мутахассис, Корё университети профессори, анестезиолог-реаниматолог Юн Син Жу мамлакатимиз Соғлиқни сақлаш вазирлигининг эпидемия билан боғлиқ вазиятни назорат қилиш фаолиятини халқаро талаблар асосида олиб борилишини таъминлашда кўмаклашади.

Икки давлат соғлиқни сақлаш вазирликлари ва етакчи тиббиёт марказлари ўртасида саъй-ҳаракатларни яқиндан мувофиқлаштиришда иштирок этади.