Кореяда "Самарқанд – Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозаси" номли тарғибот тадбири ўтказилди
4-9 май кунлари Кореянинг Сеул ҳамда Геонгжу шаҳарларида "Самарқанд – Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозаси" тарғибот компанияси ташкил этилиши ҳамда "Seoul International Travel Fair-2023" туризм кўргазмасида иштирок этиши, шунингдек, Самарқанднинг гастрономик туризм салоҳияти юзасидан тарғибот тадбирлари ўтказилиши режалаштирилган.
Шу муносабат билан вилоятнинг туризм соҳаси вакилларидан иборат делегация Корея Республикасида бўлиб турибди.
Тадбирнинг илк кунида Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги элчихонасида "Самарқанд – Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозаси" тарғибот тадбири ўтказилди. Унда туризм соҳасида фаолият юритаётган Кореянинг бизнес вакиллари, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ҳамда кореялик оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбир доирасида Самарқанд вилояти туризм салоҳияти, транспорт-логистика тизимида сайёҳлар учун яратилган имкониятлар ҳамда туризм соҳасида кадрларни тайёрлаш юзасидан "Ипак йўли" туризм ва маданий мерос халқаро университетида яратилган шарт-шароитлар, туристик компаниялар томонидан янги туризм маҳсулотлари бўйича тақдимотлар ташкил этилди.
Иштирокчиларга Самарқанднинг гастрономик туризм салоҳияти, шарқ ширинликлари, Самарқанд нонлари кўргазмаси намойиш этилди ҳамда Самарқанд оши тайёрланиб, меҳмонларга тортиқ этилди.
Тадбир давомида ўзбек миллий куй-қўшиқлари ижро этилди.
Маълумот учун, "Seoul International Travel Fair-2023" 38-халқаро туризм кўргазмаси Осиё минтақасида ташкил этиладиган энг йирик туризм кўргазмаларидан бири ҳисобланади. Унда 70 мамлакатдан 80 минг нафарга яқин иштирокчи қатнашмоқда.
Самарқанд вилояти туризм ва маданий мерос бош бошқармаси ахборот хизмати.