Коронавирус: Бугунгача дунёдаги вазият

АҚШнинг нуфузли Жонс Хопкинс университети берган маълумотга кўра, дунё бўйлаб бугунги кунгача касалланганлар сони 722.4 мингдан ошиб кетган (29 март ҳолатига – 685 мингдан ортиқ), улардан 151.9 минг нафар бемор соғайган (29 март ҳолатига – 145 мингдан ортиқ бемор).

Жонс Хопкинс университети тақдим этган маълумотга кўра, касаллик қайд этилиш ҳолати бўйича АҚШ етакчилик қилмоқда. У ерда 142.5 минг нафар коронавирус юқтириш ҳолати қайд этилган (29 март ҳолатига – 125313 нафар ҳолат). Иккинчи ўринда Италия – 97.6 минг нафар касалланиш ҳолати (29 март ҳолатига – 92472 нафар), учинчи ўринда Хитой – 82149 нафар касалланиш ҳолати (29 март ҳолатига – 82122). Биринчи учликдан кейинги ўринларни қуйидаги давлатлар банд этиб турибди: Испания – 80110 нафар касалланиш ҳолати (29 март ҳолатига – 78797), Германия – 62435 нафар касалланиш ҳолати (29 март ҳолатига – 58247) ва Франция – 40723 нафар касалланиш ҳолати (29 март ҳолатига – 38309).

ЖССТ маълумотига кўра, коронавирус оқибатида дунё бўйлаб жами 29957 нафар бемор вафот этган (29 март ҳолатига – 26.9 минг нафар бемор). 

Россия Федерациясида коронавирус юқтирганлар сони 1.5 минг нафардан ошиб кетди. Улардан 59 нафар бемор соғайган ва 9 нафар бемор вафот этди.

Москва маъмурияти, коронавирус аҳолининг барча ёш қатламлари учун бир хил хавф туғдиришини маълум қилди. Москва махсус штаби тақдим этган маълумотга кўра, оғир аҳволдаги беморларнинг деярли ярмини 60 ёшдан кичик бўлган беморлар ташкил этмоқда. Шу билан бирга сунъий нафас бериш ускуналарига уланган беморларнинг деярли 40 фоизи 40 ёшдан кичик бўлган фуқаролар.

Москва шаҳри ва атрофдаги районларда уй шароитида ўзини ўзи карантинга олиш режими жорий этилди. Одамларга эҳтиёж бўлмаган ҳолларда кўчага чиқиш тақиқланди.

АҚШ Президенти Дональд Трамп 100-200 минг нафар америкаликнинг пандемия оқибатида қурбон бўлишини “яхши сценарий”, деб баҳолади. АҚШда ўлим ҳолатларининг авжига чиқиши тахминан икки ҳафтадан кейин содир бўлиши кутилмоқда.

Украина Президенти Зеленский агар мамлакатга ҳамкор давлатлар ёрдам кўрсатмаса, Украинага дефольт ҳолати хавф солиши мумкинлигини маълум қилди.

ХХР ҳукумати мамлакатда коронавирус эпидемияси тўхтаганини маълум қилди. Мамлакат ичидаги касалланиш сони 3 минг нафарга яқин кўрсаткични қайд этди. Бироқ мамлакат ҳудудига касаллик ташқаридан кириб келиши давом этмоқда. ХХР Соғлиқни сақлаш қўмитаси раҳбари Ми Фэн мазкур ҳолат вирусга қарши курашнинг навбатдаги босқичи бўлиши мумкинлигини маълум қилди.