Коронавирус инфекциясига қарши курашишга кўмаклашиш мақсадида ўзбекистонлик шифокорлар Тожикистонга йўл олди
Коронавирус инфекциясига қарши курашиш, ушбу касалликка чалинган беморларни самарали даволашда катта тажриба ва малакага эга бир гуруҳ шифокор мутахассисларимиз Тожикистон Республикасига йўл олишди. Уларни Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов кузатиб қўйди.
Маълумки, Ўзбекистон ва Тожикистон халқларини кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик, ягона дин, ўхшаш маданият, урф-одат ва анъаналар бир-бирига мустаҳкам боғлаган. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг сиёсий иродаси ва оқилона сиёсати туфайли сўнгги йилларда мамлакатларимизнинг кенг қамровли ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилди, халқларимиз дўстлиги янада мустаҳамланди. Икки мамлакат Президентларининг яқинда телефон орқали мулоқотида ҳам икки томонлама яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Икки мамлакат ўртасидаги мустаҳкам ҳамкорлик самараси ўлароқ Тожикистонга йўл олган шифокорларимиз COVID-19нинг олдини олиш, назорат қилиш ва даволашни ташкил этишда тожикистонлик тиббиёт ходимларига яқиндан кўмаклашади.
Шу ўринда қайд этиш керакки, дунёда бўлгани каби юртимизда ҳам коронавирус инфецияси тарқалишининг олдини олиш, ушбу инфекцияга чалинган беморларни самарали даволашдек улкан масъулиятни чуқур ҳис этган тиббиёт ходимлари жасорат билан, қаҳрамонларча коронавирус балосига қарши курашмоқда ва самарали натижаларга эришмоқда. Жумладан, инфекция тарқалиши секинлашиб, касалликка чалинганларга нисбатан соғайганларнинг сони кўпайиб бормоқда. Бундан ташқари, махсус муассасаларда карантинда сақланаётган фуқароларни тиббий кузатувга олишда ҳам минглаб тиббиёт ходимлари фидойилик намунасини кўрсатиб меҳнат қилишмоқда.
Дўст ва яқин қўшнимиз Тожикистон Республикасига йўл олган тиббиёт гуруҳи таркибига анестезиолог-реаниматолог, пульмонолог, эпидемиолог, инфекционист, вирусолог, ҳамшира каби коронавирусга чалинган беморларни даволашда катта тажриба тўплаган малакали тиббиёт ходимлари жам бўлишган.
Муҳими, шифокорларимизнинг кўмакка отланишгани ўзбек-тожик халқларининг қадим-қадимдан елкадош бўлиб, синовли кунларда ёрдамга тайёр бўлиб, бир-биридан кўмагини аямаслигидан далолатдир.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими.