Коронавирус: қўшни Қозоғистондаги вазият
Қозоғистон Президенти қошидаги Фавқулодда вазиятни таъминлаш Давлат комиссияси Нур-Султон ва Олмаота шаҳарларида 19 мартдан бошлаб карантин эълон қилди. Бу ҳақда республика ҳукумати матбуот хизмати хабар берди. 16 март санасидан эътиборан мамлакатда фавқулодда вазият ҳолати эълон қилинган.
Қозоғистонда коронавирус тарқалиши хавфи туфайли аҳоли ҳаёти ва саломатлигини асраш мақсадида бир ой мухлатга фавқулодда вазият эълон қилинди.
Айни вақтга қадар, мамлакатда тожсимон вирус билан касалланганлар сони 44 нафарни ташкил этмоқда. 19 нафар Олмаота шаҳрида ва 25 нафар Нур-Султон шаҳрида коронавирус ҳолати қайд этилган.
“COVID-19 вирусини Нур-Султон ва Олмаота шаҳарларида тарқалганини ҳисобга олган ҳолда, шунингдек, коронавирусни Қозоғистоннинг бошқа шаҳарларига тарқалишининг олдини олиш мақсадида эпидемияга қарши қўшимча чеклов ва чора-тадбирларни қўллаш тўғрисида қарор қабул қилди”, дейилмоқда ҳукумат расмий сайтида.
Берилган хабарга кўра, 19 мартдан бошлаб қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилади:
- карантин жорий этилиши ва эпидемияга қарши кенг кўламли санитар тадбирлар ўтказилиши;
- карантин ҳудудлари белгиланиши ва у ердан чиқиш ва кириш пунктлари жорий этилиши;
- одамлар ва транспорт воситалари ҳарактланишини чеклаш.